Эксперт-криминалистика. Тилсимлар билан тиллашиб
2025-06-14 19:45:00 / Янгиликлар

Жиноят содир этилди. Уни ким, қандай ҳолатда, қачон ва қай йўсинда содир этган? Бу каби саволларга жавоб топишда тергов-тезкор гуруҳи таркибидаги эксперт-криминалистнинг кўмаги жуда асқатади. Соҳа вакиллари ҳар қандай мураккаб ва чигал вазиятда ўз билими, тажрибасига таянган ҳолда, зийраклик билан воқеа жойини кўздан кечириб, тилсимларни очишга муваффақ бўлишади.
Бу борада Бухоро вилояти ИИБ ЭКМ ходимлари томонидан жорий йилнинг ўтган ойлари давомида 1300 мартадан кўпроқ воқеа жойи кўздан кечирилиб, тергов ҳаракатларида мутахассис сифатида иштирок этилди. Ҳодиса жойларининг 1157 тасидан 1400 та ашёвий далил ва излар олиниб, тергов органларига тақдим қилинди.
Марказ ва унинг қуйи тизим ходимлари томонидан 5 ой давомида тергов ва суриштирув органларининг қарорларига асосан, 2355 та экспертиза хулосаси бажарилди. Шулардан 112 та дактилоскопик, 50 та трасологик, 83 та баллистик, 145 та хатшунослик, 142 та ҳужжатларнинг техник-криминалистик экспертизаси, 309 та гиёҳвандлик воситалари ҳамда 88 та махсус кимёвий моддалар экспертизаси, 771 та совуқ қуроллар экспертизаси, 2 тадан газли қуроллар ва электрошок қурилмалари экспертиза турлари тадқиқотлари ўтказилди.
Бундан ташқари, марказдаги мавжуд автоматлаштирилган тизим базасини бойитиш, жиноятларни қўл-бармоқ излари ёрдамида фош этиш самарадорлигини янада ошириш мақсадида ЖҚБ, ҲПБ, М ва ФР ҳамда тергов хизматларининг ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйиб, профилактик рўйхатда турувчи, муқаддам судланган, жиноят содир этишга мойил ва бошқа тоифадаги шахслар дактилоскопик карталарининг базага киритиб борилиши таъминланмоқда. Ўтган давр мобайнида мазкур базага 877 та дактокарта жойлаштирилди. Ҳозирги кунга қадар мазкур дастур базасига вилоятимиз ҳудудига якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланиш учун бошқа вилоятлардан келган, Россия Федерацияси ва бошқа давлатларга кетаётган, депортация қилинган, Ватанга қайтиш гувоҳномаси билан қайтганлар, фуқаролик паспортини йўқотган, шунингдек, профилактик рўйхатда турувчи, муқаддам судланган, узоқ муддатга республика ҳудудидан чиқиб кетган шахсларнинг 521320 та дактокартаси киритилди.
Қўл-бармоқ излари ёрдамида 31 та жиноят фош этилди, 7 та шахси номаълум мурданинг шахси аниқланди. Шунингдек, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар юзасидан 42 та тайинланган ёзма топшириқ асосида шахсни ташқи қиёфа бўйича идентификация қилиш базаси орқали тақдим этилган видеотасвир ва фотосуратлардаги шахсларнинг шахсига аниқлик киритилди.
Эркин Ражабов, подполковник. «Постда»
