Жадидлар жасорати – ибрат мактаби. Маънавият ва маърифат дарси доирасида ўтказилган навбатдаги учрашув таассуротларга бой бўлди
2025-06-14 19:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар органларида “Маънавият ва маърифат дарси” доирасида “Жадидлар жасорати – ибрат мактаби” мавзусида маърифий тадбир бўлиб ўтди. Миллий тарихимизнинг оғриқли, аммо ибратли саҳифаларини ёритиш, Ватан равнақи йўлида жон фидо этган аждодларимиз жасоратини эслаш ҳар бир ватан посбонининг бурчидир.
Тадбирда маъруза қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи бош илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Баҳром Ирзаев таклиф этилди. У ўз маърузасида ХХ аср бошларида юртимизда миллий уйғониш, жамиятни ислоҳ қилиш ва маърифат тарқатиш учун курашган жадидлар ҳаракатининг аҳамияти, уларнинг жасорати ва қатағон йилларидаги фожиали тақдири ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.
Тадбирда Қоровул қўшинлари қўмондонлиги Жисмоний ва жанговар тайёргарликни ташкил этиш бўлими бошлиғи подполковник Акмал Махкамов сўзга чиқиб, йиғилиш иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-23-сон Фармони мазмун-моҳияти юзасидан батафсил тушунтириш бериб ўтди. У Президент фармонида белгилаб берилган устувор вазифалар, ислоҳотлар мазмуни ва уларни ҳаётга татбиқ этишда ҳар бир ходимнинг масъулияти ҳақида сўз юритди.
Тадбир якунида юксак руҳдаги яна бир воқеа – ички ишлар вазирлиги терма жамоаси шарафини ҳимоя қилиб, оммавий югуриш марафонида ғолибликка эришган бир гуруҳ ходимлар ҳамда спортнинг самбо ва жанговар самбо турлари бўйича нуфузли “Осиё ва Океания” халқаро турнирида ғолиб бўлган ходимлар мукофотлар билан тақдирланди. Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғига асосан берилган ушбу мукофотлар уларнинг ҳалол хизматини муносиб эътироф этиш сифатида хизмат қилди.
Бундай маърифий тадбирлар ходимларнинг маънавий оламини бойитиш, тарихий хотирани тиклаш ва хизматга бўлган масъулиятини янада мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.






