Наманган вилояти маҳаллаларида содир этилган жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари жойида ўрганилмоқда
2025-06-14 10:55:00 / Янгиликлар

Ҳозирда Ички ишлар органлари, шу билан бирга, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан содир этилган жиноятларнинг оқибатлари билан курашиш эмас, балки уни барвақт олдини олиш устувор вазифа сифатида белгилаб олинган.
Жумладан, бугун Наманган вилояти ИИБ бошлиғи раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Наманган шаҳрининг «Байналмилал» ва Янги Наманган туманининг «Оромгоҳ» маҳаллаларида бўлиб, мазкур маҳаллаларда содир этилган оила-турмуш доирасидаги оғир ҳамда ўта оғир турдаги жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилди ва содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар чуқур таҳлил қилинди.
Шунингдек, ўрганишлар давомида маҳалла ходимлари ва ҳудудга бириктирилган масъуллар томонидан аҳоли орасида етарлича иш ташкил этмаганлиги, низоли оилалар, спиртли ичимлик истеъмол қилишга мойил шахслар ҳамда ишсиз аёллар билан профилактик ишлар олиб борилмаганлиги танқид қилиниб, келгусида бу борадаги ишларни жадаллаштириш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
Бундан ташқари, ҳудудларда хавфсиз муҳитни шакллантиришда ҳозирда маҳаллаларга ўрнатилаётган ташвиш тугмалари орқали Қўриқлаш хизматининг жанговар шайлиги фаоллар иштирокида синовдан ўтказилди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати




