Фидойи ходимлар. Эр йигитни эл дуоси кўкартирар
2025-06-12 23:00:00 / Янгиликлар

Самарқанд вилояти. Самарқанд шаҳридан 120 чақирим узоқликдаги Пахтачи тумани «Сарой» маҳалласидаги 1021 та оилада 3675 нафар аҳоли истиқомат қилади. Мақоламиз қаҳрамони — катта лейтенант Дилшод Раҳматов мазкур МФЙда профилактика инспектори лавозимида хизмат олиб боради.
Паяриқ туманида туғилиб ўсган Дилшодбек болалик чоғлариданоқ, узоқ йиллар ички ишлар органларида ишлаган отаси, истеъфодаги подполковник Абдурауф Раҳматовнинг ҳар куни хизмат либосини кийиб ишга отланишига ҳавас қиларди.
У умумтаълим мактабини тамомлагач, Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтига ўқишга кирди. 2013 йилда олийгоҳни тугаллаб, илк иш фаолиятини Паяриқ туман ҳокимиятида иш юритувчи сифатида бошлади.
Кейинчалик тумандаги «Наврўз» МФЙда профилактика инспектори ёрдамчиси бўлди. 2020 йилдан буён «Сарой» маҳалласида профилактика инспектори лавозимида хизмат фаолиятини бошлади. 2023 йилда эса профилактика катта инспектори этиб тайинланди.
Мазкур маҳалла туман марказидан 15 чақирим узоқликда жойлашган бўлиб, бу ерда хавфсизлик ва тинчликни сақлаш профилактика инспекторидан икки-уч карра ҳушёрликни талаб этишини билган лавҳамиз қаҳрамони зиммасидаги масъулиятли вазифаларни масъуллар ва ҳамкорларнинг ҳам фикр-мулоҳазаларини эшитиб, таҳлил қилиб, сидқидилдан бажаришга одатланган.
Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, айниқса, тунги вақтларда осойишталикни таъминлашда хизмат мажбуриятларига қатъий амал қилади. Шу боис ҳам маҳалла «яшил» тоифада.
- Маҳалладами, жамоадами қонун устуворлигига эришиш, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун, аввало, жамоат тартибини сақлаш зарур, — дейди «Сарой» МФЙ раиси Инобат Муҳаммадиева. — Бу, ўз навбатида, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги, ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган профилактика ишларини кучайтиришни тақозо этади.
Тадбирлар мақсадли ва самарали бўл-моғи керак. Одамларнинг розилигини олиш осон эмас.
Дилшод Раҳматов буни уддалаяпти.
- Қасамёд — Ўзбекистон Республикаси халқи ва Президентига садоқат билан хизмат қилиш учун ичилган онтдир, — дейди катта лейтенант Д. Раҳматов. — Қасамёдига содиқ қолиш ички ишлар органлари ходимларидан метин ирода ва юксак ватанпарварликни талаб қилади. Мен бу йўлда изланиш ва ҳаракат қилишдан тўхтамайман. Чунки касбимни яхши кўраман.
Бахтли оила соҳибининг танлаган касбу коридан барака, ишида унум бўлади.
Ишдан кейин хизмат уйига, оиласи бағрига ошиқадиган қаҳрамонимиз ҳам намунали оила бошлиғи. У рафиқаси Муҳайёхон билан ширингина қизалоғи Афрўзани улғайтиряпти.
Эртанги кун учун кўнглига туккан мақсадлари, истаклари бисёр. Бу борада ҳар қанча машаққатлар бўлсада, уни чўчитмайди. Ғайрати ва шижоати жўшиб, маррани баланд олиб, халққа садоқат билан хизмат қилиш шиори. Зеро, эр йигитни эл дуоси кўкартирар.
©️ “Postda” газетаси, Умида Мамадалиева, Самарқанд вилояти.
