Андижон вилояти ИИБ раҳбариятининг Асака туманида сайёр қабули бўлиб ўтди
2025-06-12 11:00:00 / Янгиликлар

Жойларда аҳоли билан очиқ мулоқот ўтказиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш мақсадида ташкил этилаётган сайёр қабуллар тизимида Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси раҳбарияти ҳам фаол иштирок этмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 11 июнь куни Андижон вилояти ИИБ бошлиғи полковник Санжар Джабаров раҳбарлигида Асака туманида сайёр қабул ўтказилди.
Унда туман аҳолиси билан очиқ мулоқот қилиниб, фуқароларнинг ижтимоий, ҳуқуқий ҳамда шахсий муаммолари тингланди.
Сайёр қабул жараёнида ички ишлар органлари раҳбарияти томонидан фуқаролар томонидан билдирилган мурожаат ва таклифлар батафсил ўрганилиб, аксарият масалалар шу ернинг ўзида ҳал этилди. Қолган муаммолар бўйича тегишли масъул ташкилотлар ва мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди ҳамда назоратга олинди.
Фуқаролар билан бевосита мулоқотда уларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ишлари ҳам олиб борилди.
Бу каби сайёр қабуллардан кўзланган асосий мақсад халқ билан яқиндан мулоқот қилиш ҳамда фуқаролар розилигини таъминлашдир.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати









