Ёшлар — келажак бунёдкори. Юксак марралар сари
2025-06-09 20:30:00 / Янгиликлар

Мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама етук, билимли, салоҳиятли, комил инсон сифатида тарбиялаш масаласи доимо энг устувор вазифа бўлиб келган. Оҳангарон тумани ИИБ ЖХХ Пробация гуруҳи инспектори, лейтенант Шоҳсанам Исомиддинова Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясини тамомлаб, ички ишлар органлари сафига хизматга қабул қилинган фаол ёшлардан.
- Ота-онам ўқитувчи. Мактабда дарс беришади. Илм-фан, таълим-тарбияга алоҳида эътибор қаратади. Бўш вақтларимда турли жанрлардаги бадиий асарларни мутолаа қилишни яхши кўраман. Тикиш-бичиш, чеварликка ҳам қизиқишим баланд. Спорт турларидан таэквондони ёқтираман, — дейди лавҳамиз қаҳрамони.
Биламизки, ходимларнинг жисмоний ва жанговар тайёргарлиги билан бир қаторда, уларнинг билими, интеллектуал салоҳияти ҳам ўзаро беллашувлар шаклида ошириб борилади. Тошкент вилояти ИИББ ва унинг қуйи тизимларида хизмат қилаётган ёш ходимлар иштирокида «Заковат» интеллектуал ўйини ҳамда шахмат ва шашка турлари бўйича мусобақалар мунтазам ўтказиб келинади.
Яқинда юқоридаги эзгу мақсадларга ҳамоҳанг тарзда ўтказилган вилоят миқёсидаги «Заковат» беллашувида Шоҳсанам ва унинг жамоадошлари фахрли иккинчи ўринни эгаллашди. Хизмат фаолиятининг дастлабки босқичларида Ш. Исомиддиновага капитан Баҳром Бердиев мураббий сифатида бириктирилиб уни пробация хизматининг сир-асрорлари билан таништирган.
Маълумотларга кўра, пробация гуруҳи томонидан жорий йил бошидан буён 87 нафар шахс ҳисобдан чиқарилиб, суд ҳукмини қўпол равишда бузгани учун 12 нафарининг жазо чораси оғирроғига алмаштирилган.
Ҳозирги кунда пробация ҳисобида турадиганларнинг умумий сони 306 нафарни ташкил этади. Йил бошидан буён 8 маротаба меҳнат ярмаркаси ташкил этилган. Ёш ходима Шоҳсанам Исомиддинова ҳар жабҳада фаол бўлишга ҳаракат қилиб, хизматда юксак марраларни забт этиш нияти борлигини яширмади.
Аброр ПОЁНОВ, «Postda» мухбири.
