Ички ишлар вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан Жиззах вилояти ҳудудларида комплекс инспекторлик текширувлари ўтказилмоқда
2025-06-09 18:35:00 / Янгиликлар

Хабарингиз бор, ИИВ ишчи гуруҳи томонидан республикамиз ҳудудларида комплекс инспекторлик текширувлари ўтказилмоқда. Бугун ана шу ишчи гуруҳ Жиззахда фаолиятини бошлади. Мазкур жараён аввалида ишчи гуруҳ аъзолари, вилоят ИИБ, соҳавий хизматлар ҳамда ҳудудий ички ишлар органлари масъуллари иштирокида йиғилиш ташкил қилиниб, амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Чунончи, тадбирда сўзга чиққан Ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал-майор Баҳодир Мирзараҳимов ҳудудий ички ишлар органлари ва соҳавий хизматларнинг 2024 йил ва жорий йилнинг ўтган давридаги фаолиятини ўрганиш юзасидан топшириқлар берди. Чунончи, нотиқ давлатимиз раҳбарининг шу йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида” қарорининг ижроси, криминоген вазиятни комплекс таҳлил қилиш, ижтимоий профилактика масалаларига эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаб ўтди.
Йиғилишда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишга қаратилган фаолият самарадорлиги ўрганилиши ва шу асосда соҳа масъуллари ишига ҳуқуқий баҳо берилиши маълум қилинди. Шундан сўнг ишчи гуруҳ аъзолари комплекс инспекторлик текширувлари ўтказиш учун белгиланган ҳудудларга чиқиб кетдилар.
Жиззах вилояти ИИБ Ахборот хизмати





