Хавфсизлик маҳалладан бошланади
2025-06-07 18:50:00 / Янгиликлар

Мамлакатимиз Президентининг 2025 йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳит яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарори асосида жойларда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Пойтахтнинг Чилонзор ва Яшнобод туманларидаги мактаблар, болалар боғчалари ва бошқа ижтимоий соҳа муассасаларида “фавқулодда чақирув тугмалари“ ўрнатилди, хусусий уй-жойлар ва тадбиркорлик субъектлари эса Қўриқлаш бош бошқармаси тизимига уланмоқда. Бу чоралар фавқулодда вазиятларда тезкор ҳаракат қилиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Мақсадли тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Бу жараёнга профилактика инспекторлари, маҳалла фаоллари ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги вакиллари жалб этилган. Улар аҳоли билан учрашувлар уюштириб, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларнинг аҳамиятини тушунтиришмоқда.
