Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ходимлари қўл жанги бўйича Жаҳон чемпионатида умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади
2025-06-04 18:00:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 30 май – 1 июнь кунлари Туркиянинг Бурса шаҳрида спортнинг қўл жанги тури бўйича Жаҳон чемпионати мусобақаси бўлиб ўтди. Унда жаҳоннинг 32 та давлатидан 300 нафарга яқин спортчи иштирок этди ва юксак маҳорат ҳамда ирода билан ўзаро беллашди.
Мусобақа якунига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида фахрли 1-ўринни эгаллаб, мамлакат байроғини яна бир бор халқаро майдонда баланд кўтарди. Спортчиларимиз томонидан жами 8 та олтин, 3 та кумуш ва 3 та бронза медали қўлга киритилди. (2-ўринни Россия, 3-ўринни Қозоғистон жамоалари эгаллади.)
Ушбу нуфузли мусобақада миллий терма жамоа таркибида қатнашган Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси йўл-патруль хизмати инспектори, сафдор Сирож Назарматов ўз вазн тоифасида барча рақибларини мағлуб этган ҳолда фахрли 1-ўринни эгаллади ва олтин медалга сазовор бўлди.
Шунингдек, Жиззах вилояти Зомин тумани Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлими Жиноятларни тергов қилиш бўлинмаси терговчиси, лейтенант Умид Нишонов ҳам муносиб иштирок этиб, мусобақа финалида жонкуярлик билан кураш олиб борди ва фахрли 3-ўринни эгаллаб, бронза медали билан тақдирланди.
Ўзбекистоннинг халқаро мусобақалардаги бундай муваффақиятлари мамлакатимизда спортни оммалаштириш, хизматчиларнинг жисмоний тайёргарлигини юқори даражада сақлаш ҳамда уларнинг интеллектуал ва руҳий салоҳиятини юксалтириш йўлидаги ислоҳотлар самараси эканлигини яна бир бор тасдиқлайди.
Терма жамоамизнинг ғалабаси миллатимиз учун катта фахр манбаига айланди.
Ўзбекистон делегацияси аъзолари Тошкент халқаро аэропортида тантанали равишда кутиб олинди.




