ИИВ Академияси кундузги таълим 3-ўқув курси курсантлари учун якуний давлат аттестацияси имтиҳонлари бошланди
2025-06-04 09:00:00 / Янгиликлар

Шу муносабат билан ўтказилган йиғилишда ИИВ соҳавий хизматлари вакиллари, академия раҳбарияти, имтиҳонларга жалб қилинган профессор-ўқитувчилар ва битирувчилар иштирок этди.
Йиғилишда якуний давлат аттестациясини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича буйруқлар ўқиб эшиттирилди. Комиссия раислари ва аъзоларига таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, тизим учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш борасидаги долзарб талаблар етказилди.
Шу куннинг ўзида дастлабки имтиҳонлар бошланди.
25 июнга қадар курсантлар ихтисослик, ички ишлар органлари ходимларининг касб маданияти ва хизмат интизоми ҳамда юристлар учун хорижий тил фанлари бўйича имтиҳон топшириб, малакавий битирув ишларини ҳимоя қиладилар.
Айтиш жоизки, жорий йил академия кундузги таълим бакалавриатини 8 та ихтисослик йўналиши бўйича кадрлар тамомлайди.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, давлат аттестацияси жараёнларида шаффофлик ва холисликни таъминлаш, ҳар бир курсантнинг билим ва маҳоратини адолатли баҳолашга катта эътибор қаратилмоқда.
Бу борада Академияда жорий этилган замонавий баҳолаш усуллари ва ахборот технологиялари муҳим аҳамият касб этмоқда.
ИИВ Академиясида таълим олаётган курсантлар — бугунги кундаги билимли, фидойи ва Ватанга садоқатли кадрлар захирасидир.
Уларнинг муваффақиятли аттестациядан ўтиши ички ишлар органларининг келажакда янада профессионал ва самарали фаолият юритишига хизмат қилади.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати









