ИИВ Қоровул қўшинлари бир гуруҳ ҳарбий хизматчилари жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда Андижон шаҳридаги Онкология ва Гематология шифохонасида даволанаётган бемор болалар ҳолидан хабар олишди
2025-06-04 09:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Қоровул қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан навбатдаги эзгу ташаббус амалга оширилди. Жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда ташкил этилган ташриф доирасида бир гуруҳ ҳарбийлар Андижон вилояти Онкология ва Гематология шифохонасида даволанаётган болажонлар ҳолидан хабар олишди.
Ташриф давомида 40 нафарга яқин қалби соф, орзулари улкан болалар билан самимий мулоқот ўтказилди. Уларга маънавий ва руҳий кўмак кўрсатиш мақсадида суҳбатлар ташкил этилди, дардлари тингланди, шодлик улашилди.
Болаларнинг кайфиятини кўтариш, кунларини мазмунли ва баҳраманд ўтказишлари учун уларга бадиий ва ривожлантирувчи китоблар, эсдалик совғалари ҳамда турли хил ўйинчоқлар тақдим этилди.
Шунингдек, шифохонада бемор болаларга чин қалбдан хизмат қилаётган тиббиёт ходимлари билан ҳам учрашув ўтказилиб, уларнинг фидокорона меҳнатлари алоҳида эътироф этилди. Қоровул қўшинлари қўмондонлиги номидан шифокорларга ва ҳамшираларга самимий миннатдорлик билдирилиб, уларнинг ҳар бир саъй-ҳаракатлари юқори баҳоланди.
Ташриф “Ёшлар ойлиги “доирасидаги тадбирлар доирасида ўтказилди. Айни пайтда бутун республика бўйлаб ИИВ Қоровул қўшинлари томонидан жойларда шу каби ишлар амалга оширилмоқда.
Ушбу ташаббуслар ҳарбий хизматчиларнинг фақатгина хавфсизликни таъминлашда эмас, балки жамиятда инсонийлик, меҳрибонлик ва ҳамдардлик қадриятларини мустаҳкамлашда ҳам фаол иштирок этаётганини яққол намоён этмоқда.
Бемор болалар учун байрам муносабати билан ташкил этилган ушбу ташриф Қурбон Ҳайити арафасида уларнинг қалбида умид, ишонч ва шодлик уйғотди.
Ҳарбий хизматчиларнинг эзгу меҳри, болаларнинг кўзларидаги қувонч ва шодлик – бу саъй-ҳаракатларнинг энг муҳим натижасидир.
ИИВ Қоровул қўшинлари Қўмондонлиги бу каби маънавий-маърифий тадбирларни келгусида ҳам тизимли равишда ташкил этишни режалаштирмоқда.
Бундай амалий меҳр кўрсатиш фаолиятлари жамиятимизда соғлом муҳитни, ҳамжиҳатлик ва инсонпарварлик руҳини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
ИИВ Қоровул қўшинлари қўмондонлиги






