Профилактика хизмати. Сайтнинг самараси сезилмоқда
2025-06-04 07:20:00 / Янгиликлар

Олий таълим даргоҳида илм олиш истагидаги ёшлар билан ишлашнинг ўзига яраша гашти ва масъулияти бор. Мен фаолият олиб бораётган Наманган давлат университетида олий таълим тизимидаги ислоҳотлар моҳиятидан келиб чиқиб, ўқитиш жараёнини халқаро талаблар даражасига олиб чиқиш, илмий салоҳиятни юксалтириш, малакали мутахассислар тайёрлаш, илмий-тадқиқот ишлари сифати ва самарадорлигини янада оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда университет талабалари сони 18 491 нафарни ташкил этмоқда. 25 та кафедрада 613 нафар профессор-ўқитувчи фаолият олиб бормоқда.
Университетда осойишталик ва жамоат тартибини сақлашда майорлар Азизбек Тўхтабоев, Зуҳра Каримова билан ҳамкорликда профилактик тадбирлар ташкил этиб келмоқдамиз.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ўтган йил якуни бўйича ўтказилган профилактик тадбирлар натижасида талабалар ўртасидаги жиноят содир этиш ҳолатлари 4 баробарга камайишига эришилди. Профессор-ўқитувчилар ва бошқа ходимлар орасида жорий йил давомида ҳуқуқбузарлик ҳолатлари содир этилмаган.
Яхши кўрсаткичларга эришишимизда Наманган вилоят ИИБ Киберхавфсизлик бўлими ходимлари билан ҳамкорликдаги тадбирлар ўтказганимиз ўзининг ижобий самарасини берди. Талабаларнинг Ички ишлар вазирлигининг «cyber 102» сайтига аъзо қилиниши натижасида ҳам киберхавфсизлик йўналишидаги жиноятлардан жабрланиб қолиш ҳолатлари камайишига эришилди.
Талабалар ҳаётида турли маиший муаммолар ҳам бўладики, биз бундай пайтда тўғри чора қўллаб, вазиятни ижобий томонга йўналтира билишимиз муҳим. Масалан, яқинда турмушга чиққан талаба қизга нисбатан турмуш ўртоғи томонидан дарсларга келмаслигини талаб қилиб, тазйиқ ўтказилган. Жабрланувчига ҳимоя ордери берилиб, оиласидагилар билан тўғри тушунтириш олиб борганимиздан сўнг у яна университетга қайтди. Жами 8 нафар қизга ҳимоя ордери берилиб, ҳуқуқлари ҳимоя қилинди.
Ҳар бир талабанинг нима билан банд эканлиги, юриш-туриши доимий эътиборимизда. 1720 нафар ижарада яшовчи талабалар рўйхати шакллантирилиб, улар истиқомат қилаётган хонадонларга бориб, яшаш шароитларини ўргандик.
Жиноят ва ҳуқуқбузарликка мойил 22 нафар талабалар рўйхати шакллантирилиб, якка тартибда профилактик ишлар амалга ошириб келинмоқда. Шунингдек, коррупциянинг олдини олиш ва унинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш мақсадида турли тадбирлар ташкил этилди.
Талабалар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш мақсадида тадбирлар ташкил этилмоқда.
Барча ўтказилаётган тадбирлар университет ҳудудида жамоат тартибини сақлаш, жиноят ва маъмурий Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадларига қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Дилмурод КАРИМОВ, Наманган шаҳар ИИБ ЖХХ ҲПБ профилактика инспектори, майор.
