Ички ишлар ходимлари ва уларнинг оила аъзолари Самарқанд шаҳрига саёҳат қилди
2025-06-02 15:00:00 / Янгиликлар

Ички туризмни ривожлантириш, жамоа ва оилавий саёҳат маданиятини шакллантириш мақсадида Ички ишлар вазирлиги ва Бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси ҳамкорлигида навбатдаги маданий-маърифий саёҳатлар ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йилдаги ПҚ–3514-сон қарори ҳамда жорий йилнинг 9 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳар ойнинг битта шанба ва якшанбасини «Оила ва меҳнат жамоаси билан саёҳатга чиқиш куни« деб эълон қилиш ташаббуси доирасида мазкур саёҳат ташкил этилди.
Ички ишлар вазирлигининг марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмаларида намунавий хизмат олиб бораётган ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзолари учун Самарқанд шаҳрига уюштирилган саёҳат — нафақат дам олиш, балки миллий тарих ва маданият билан яқиндан танишиш имконини ҳам берди.
Бу саёҳатда иштирок этганлар Улуғбек расадхонаси, Регистон майдони, Шаҳи Зинда, Амир Темур мақбараси ва бошқа тарихий обидаларни зиёрат қилишди. Ташкил этилган турлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди ва уларнинг хизматга бўлган мотивациясини янада оширишга хизмат қилди.
Мазкур ташаббус Ички ишлар вазирлиги ва касаба уюшмалари ҳамкорлигида ходимларнинг маънавий-маърифий ҳордиқ чиқаришини таъминлаш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш ва меҳнат жамоаларида ижобий муҳит яратишга қаратилган кенг кўламли ишларнинг яққол намунасидир.





