Фахрийлар – фахримиз. Ҳамиша тетик ва бардам
2025-06-02 23:00:00 / Янгиликлар

Бу инсонни кўрган одам шу ёшда бунча куч-қувватни қаердан оларкан, деган ўйга боради. Бир қарасангиз, Ички ишлар вазирлиги Фахрийлар кенгашида, бир қарасангиз, Ўзбекистон футбол ассоциациясида ва бошқа жамоат ишларида ҳам фаол. Гап ички ишлар органларида қарийб 43 йил фаолият юритган истеъфодаги полковник Аваз Азизхўжаев ҳақида кетяпти.
Фарғона вилоятида таваллуд топган лавҳамиз қаҳрамони ўрта мактабни тугатиб, бир неча йил Тошкент метрополитенида ишлади. Сўнг отаси Аббос Азизхўжаевнинг изидан бориб, Тошкент юридик институтининг сиртқи бўлимида ўқиди.
Ички ишлар органларидаги фаолиятини ИИВ Тошкент темир йўл тармоқ ИИБда бошлади. Бир неча йил ушбу қайноқ хизмат оғушида бўлган ёш ходим секин-аста хизмат пилла-пояларидан кўтарилиб, масъулиятли вазифаларда хизмат қилди.
Бир муддат ИИВ Жиноят қидирув бош бошқармасида масъул лавозимларда фаолият олиб борган А.Азизхўжаев кейинчалик Транспортдаги ИИБ Тошкент тар-моқ бошқармаси бошлиғи ва ИИВ «Динамо» жисмоний тарбия ва спорт жамияти кенгаши раисининг биринчи ўринбосари сифатида ўзини кўрсатди.
2006 йилдан эса Ички ишлар вазирлиги марказий аппаратида масъул лавозимларда ҳамда ИИВ Академияси бошлиғининг референти вазифасида сидқидилдан хизмат қилиб, 2021 йилда иззат-икром билан пенсияга кузатилди.
Юқорида таъкидлаганимиздек, А.Азизхўжаев пенсияга чиқсада, уйда ўтириб қолмади. Ўзбекистон футбол ассоциациясида фаолиятини давом эттирди. Бир вақтнинг ўзида ИИВ Фахрийлар кенгаши раисининг биринчи ўринбосари сифатида ўзининг кўп йиллик бой тажрибаси ҳамда кўникмаларини ички ишлар органларида фаолият юритаётган ходимлар ва ёшлар билан ўртоқлашиб келмоқда.
Турмуш ўртоғи Дилдор ая билан икки ўғил, икки қизни вояга етказиб, элу юрт учун фойдаси тегадиган етук кадрлар қилиб улғайтиришди.
Яқинда Аваз ака табаррук 75 баҳорни қарши олди. Шу муносабат билан Ички ишлар вазирлиги томонидан истеъфодаги полковникнинг соҳага қўшган ҳиссаси эътироф этилиб, самимий тилаклар билдирилди.
Шунингдек, ЎФА раҳбарияти ҳам у кишининг сўнгги йилларда футболимиз эришган ютуқлардаги ўрнини алоҳида таъкидлаб, «Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси» кўкрак нишони ҳамда ассоциациянинг махсус медалини тантанали равишда топширишди.
Биз ҳам кўп йиллар ички ишлар органларида фидойиларча фаолият юритган ва ҳозирда ҳам соҳа ривожи учун бел боғлаб хизмат қилаётган истеъфодаги полковник Аваз Азизхўжаевга узоқ, умр ва сиҳат-саломатлик тилаб қоламиз.
©️ “Postda” газетаси, Сарвар Собиров, Тошкент шаҳри.
