Аёл ва жамият. Уринган иш ўринсиз қолмас
2025-06-02 07:45:00 / Янгиликлар

Бандихон тумани ИИБ ЖХХ ҲПБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, лейтенант Сўғдиёна Усмонова томонидан маҳаллаларда олиб борилаётган тизимли ва мақсадли профилактик тадбирлар ўз самарасини бериб, хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик даражаси 2024 йилга нисбатан сезиларли даражада камайгани кузатилмоқда. Хусусан, товламачилик, фирибгарлик, тан жароҳати етказиш каби жиноятлар бўйича кўрсаткичлар пасайгани тарғибот ишларининг натижадорлигини кўрсатади.
- Хотин-қизлар билан индивидуал тарзда ишлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, — дейди лейтенант Сўғдиёна Усмонова. — Жумладан, профилактика ҳисобида турувчи 45 нафар ҳамда пробация рўйхатидаги 8 нафар хотин-қиз билан якка тартибда суҳбатлар ташкил этилди, уларнинг ижтимоий ва шахсий муаммолари ўрганилиб, тегишли чоралар кўрилди. 3 нафар аёл туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда уй-жой билан таъминланди. Яна 15 нафар хотин-қиз ип йигириш корхонаси ҳамда тикувчилик цехларига ишга жойлаштирилди.
2025 йилнинг ўтган 5 ойи давомида ИИБга мурожаат қилган ҳамда тазйиқ ва зўравонликка учраган аёллар ҳолати ўрганилиб, улардан 80 нафарига ҳимоя ордери берилди. Шу тариқа аёллар хавфсизлиги таъминланиб, қайта зўравонлик ҳолатларининг олди олинди.
Шунингдек, ажралиш ёқасида турган, судда кўриб чиқилаётган ёки низоли деб топилган оилалар билан ишлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда тумандаги умумий хотин-қизлар сони 49 976 нафарни ташкил этиб, 35 та оила нотинч ва низоли, 43 та оила ажралиш ёқасида турибди. Ушбу оилалар билан ижтимоий, психологик ва ҳуқуқий ёрдамни ўз ичига олган чоралар кўрилмоқда.
Шу каби тизимли ишлар давом этаркан, хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликни янада камайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда муҳим босқичларга эришилиши шубҳасиз.
Феруза РАҲМОНҚУЛОВА, ўз мухбиримиз.
Сурхондарё вилояти.
