Экперт-криминалистика хизмати. Холисликка ундайди
2025-05-31 08:05:00 / Янгиликлар

Подполковник Лутфулла Толипов хизмат фаолиятини 2012 йилда Янгийўл тумани ИИБ ЭКБда бошлаб, Тошкент вилояти ИИББ ҳамда Бўка тумани ИИБда айни йўналишда хизмат фаолиятини давом эттирган. Ҳозирги вақтда Олмалиқ шаҳар ИИБ ЭКГ катта эксперти сифатида текширувлару таҳлилларни моҳирлик билан олиб бормоқда.
Маълумотларга кўра, эксперт-криминалистика гуруҳи жорий йилнинг ҳозирги даврига қадар юздан ортиқ ҳодиса жойига чиққан ва тергов-тезкор ҳаракатларида қатнашган. Биттадан ўғирлик ва талончилик жиноятлари фош этилган бўлса, бошқа кўплаб ҳолатлар хулоса жараёнида. Лавҳамиз қаҳрамони 2023 йил вилоят бўйича «энг яхши эксперт-криминалисти» сифатида эътироф этилган.
- Бизнинг йўналишда синчковлик жуда муҳим. Ҳар доим ҳар бир деталга эътиборли бўлиб, кичик далилларни ҳам назардан четда қолдирмаслик керак. Зеро, жиноят ва ҳодисалар кўлами қандай кўринишда бўлмасин, холислик учун булар жуда муҳим, — дейди эксперт.
Лутфулла акага ҳавас қилиб, икки нафар укаси ҳам унинг ортидан эргашган. Бири ички ишлар органлари капитани, яна бири Миллий гвардия тизимида сафдор ходим сифатида хизмат қилмоқда. Подполковник Л.Толипов касби ўқитувчи бўлган турмуш ўртоғи Ниҳола Толипова билан биргаликда икки нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказишмоқда. Улар яқинда «Намунали оила» кўрик-танловида Тошкент вилояти миқёсида фахрли учинчи ўринни эгаллашди.
Аброр ПОЁНОВ, ўз мухбиримиз.
Тошкент вилояти.
