Тошкент вилояти Пискент туманида «Генерал ва ёшлар» очиқ мулоқот учрашуви бўлиб ўтди
2025-05-30 12:50:00 / Янгиликлар

29 май куни Пискент туманида «Генерал ва ёшлар» учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фахрий генераллари, Республика ишчи гуруҳи масъуллари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, туман ҳокими, шунингдек, бир гуруҳ ёшлар ва нуронийлар иштирок этди.
Тадбир давомида истеъфодаги генерал майор Сайфулла Асадов ва бошқа қатнашчилар ўз ҳаёт ва хизмат йўлларидан сабоқ бўладиган мисолларни келтириб, ёшларни фидойилик, ҳалоллик ва Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш зарурлигини таъкидлашди. Уларнинг чиқишлари ёшлар учун чинакам руҳлантирувчи ва ибрат манбаи бўлди.
Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, турли таклиф ва ташаббусларини билдиришди. Ушбу фикр-мулоҳазалар асосида келгусида амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Бундан ташқари, вилоят ИИББ Эксперт-криминалистика марказининг махсус кўчма лабораторияси ҳамда ички ишлар органларининг куч воситалари кўргазмаси ёшлар учун намойиш этилиб, улар батафсил маълумотларга эга бўлишди.
Учрашув ёшлар билан очиқ ва самимий мулоқотни кучайтириш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш ҳамда Ватанга муҳаббат туйғусини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди.
Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати









