Касб фидойилари. Малакали мутахассис
2025-05-29 23:00:00 / Янгиликлар

Фирузжон Негов Бухоро давлат университетининг жисмоний тарбия ва жисмоний маданият факультетини битиргач, Вобкент туманидаги 14-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида мураббийлик қилди. Ўзи ҳам спортнинг миллий кураш ва самбо тури бўйича мусобақаларда фаол қатнашиб, совринли ўринларни эгаллади. 2013 йил май ойидан бошлаб ички ишлар органларида хизмат қиляпти.
Шофиркон тумани ИИВ профилактика инспектори лавозимида хизматни бошлаган Фирузжон айни пайтда Бухоро тумани 11В Ташкилий бўлинма Навбатчилик қисми катта инспектор-навбатчиси сифатида фаолият кўрсатмоқда. У туман ИИБга келиб тушган ариза ва хабарларни ўз вақтида ҳисобга олиб, воқеа жойига тергов-тезкор гуруҳини тўлиқ тартибда чиқаришни таъминлайди.
Тан олиш керакки, «102» рақамига турли феъл-атворли кишилар ҳар хил масала юзасидан мурожаат қилади. Бирига талончи ҳужум қилаётган бўлади, бошқасига жиноятчи хавф солаётгани айтилади. Яна кимдир адашиб ёки сохта чақирув билан мурожаат қилади. Демакки, Навбатчилик қисми ходимларидан хушмуомалалик, тезкорлик билан бирга, босиқлик ҳам талаб этилади.
Асаби таранг фуқаро қуюшқондан чиқиб гапирса ҳам, навбатчи ходим ўта босиқлик билан жавоб қайтарса, мақсадга мувофиқ. Лавҳамиз қаҳрамони буларга қатъий риоя қилганлиги боис фуқаролар ишончини оқлаяпти.
Майор Ф.Негов умри давомида яхши одамлар ва устозлар қуршовида бўлди. Айниқса, подполковник Нодир Каримовдан касбнинг сир-синоати, баланд-пасти, нозик жиҳатларини қунт билан ўрганди.
Унинг ғамхўрлиги ва талабчанлиги туфайли бугун малакали мутахассис деган номга мушарраф бўлди. Қолаверса, ўнга яқин шогирдлар тарбиялади. Бугун уларнинг ҳар бири малакали ходим сифатида хизмат қиляпти, осойишталикни асрашга муносиб ҳисса қўшяпти.
Шунингдек, Фирузжон Негов спортга ошно тутинган ходимлардан бири сифатида ҳар йили ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ўртасида ўтказилаётган миллий кураш ва самбо бўйича мусобақаларда фаол қатнашиб келмоқда.
У оила аъзоларини ҳам спортга жалб қилган. Ўтган йили вилоят ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзолари иштирокида ўтказилган «Отам, онам ва мен — спортчилар оиласи» шиори остидаги спорт мусобақасида мутлақ ғолиб бўлишган эди.
Шу йили 16 май куни вилоят миқёсида 35 ёшдан катталар ўртасида бўлиб ўтган миллий кураш мусобақасида лавҳамиз қаҳрамони 90 килограмм вазн тоифасида биринчи ўринни эгаллади ҳамда Термиз шаҳрида ўтказиладиган республика чемпионатида қатнашиш йўлланмасини қўлга киритди. Биз унга омад тилаб қоламиз.
©️ "Postda" газетаси, Мирзоқул Аҳадов, Бухоро вилояти.
