Қарор ва ижро. Хавфсиз муҳит яратилади
2025-05-27 23:00:00 / Янгиликлар

Наманган шаҳар ИИБ Қўриқлаш бўлими томонидан маҳаллалар, жамоат жойлари ва яшаш хонадонларида хавфсиз муҳит яратиш, фуқаролар ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига ҳар қандай тажовузларнинг олдини олиш мақсадида ҳуқуқбузарликлар профилактикасига замонавий рақамли технологиялар ва техник воситалар кенг жорий этилмоқда.
Хусусан, шаҳар ҳудудида 64 та халқ хўжалиги объекти, 700 дан ортиқ фуқаро хонадонлари ҳамда 33 та кўп қаватли уйларнинг кириш йўлаклари «Ташвиш тугма»лари билан жиҳозланиб, техник қўриқлов-га олинди.
Шунингдек, ҳудудда фаолият кўрсатаётган савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларига «Ҳудуд камера назорати остида», «Объект қўриқловда» ва «Хонадон қўриқловда» каби стикерлар ёпиштириб чиқилмоқда.
Криминоген вазияти оғир ҳудудларга қўриқлаш хизмати тезкор ҳаракатланувчи гуруҳининг авто ҳамда мотопатруллари томонидан «Қизил нуқта» бўйича хизмат ташкил этилаётганини алоҳида эътироф этиш жоиз.
Яъни, аҳоли гавжум жойлар, бозорлар, масжидлар, супермаркетлар, йирик савдо марказларида ташкил этилган махсус патруллик хизмати ходимлари шубҳа уйғотган шахсларнинг кимлигига ойдинлик киритмоқда.
Бу йўналишдаги ишларимиз натижасида ҳуқуқбузарликларни аниқлаш имкони яратилмоқда.
©️ “Postda” газетаси, Бекзод Маҳмуджонов, Наманган шаҳар ИИБ Қўриқлаш бўлими бошлиғи ўринбосари, майор.
