Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ихтисослаштирилган мактаб-интернатида «Илм – энг буюк шараф» шиори остида «Сўнгги қўнғироқ» тадбири бўлиб ўтди
2025-05-26 07:55:00 / Янгиликлар

Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси янгради. Мактаб-интернат директори тадбирни очиб берди ҳамда барча иштирокчиларни қутлаб, бугунги куннинг аҳамияти ва ёшларга билдирилаётган ишонч, улкан масъулият ҳақида тўхталди.
Шунингдек 2024/2025-ўқув йилида 49 нафар битирувчининг 39 нафари инглиз тилини билиш даражаси бўйича, 10 нафари «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси бўйича, шунингдек, математика ва физика фанидан миллий сертификатларни қўлга киритганини ҳамда 1 нафар ўқувчи Халқаро IMAS олимпиадасининг бронза медали соҳиби бўлганлигини эътироф этди.
Тадбирда, шунингдек, бир гуруҳ фахрийлар ва Ички ишлар вазирлиги Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғининг ўринбосари ҳам иштирок этиб, Президентимизнинг мактаб битирувчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.
Битирув маросимида ўқувчилар ҳам сўз олиб, таълим-тарбия берган устозлари, ота-оналари ишончларини оқлашга, юрт равнақига ҳисса қўша оладиган, Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қиладиган авлод бўлишга ваъда беришди. Тадбирда ўқув йили давомида намунали хулқи, аъло баҳолари билан барчага ўрнак бўлган ва турли халқаро сертификатларни қўлга киритган иқтидорли битирувчилар ва уларнинг ота-оналарига ташаккурномалар тақдим этилди. Шунингдек, тўрт нафар битирувчи Ички ишлар вазирининг «Ўқишдаги муваффақиятлари учун» кўкрак нишони билан тақдирланди. Тадбир давомида бадиий чиқишлар намойиш этилди, илм-маърифат, ватанпарварлик ва фидойилик руҳидаги шеърлар ва қўшиқлар янгради.









