Ижтимоий ҳимоя. Фидойилик қадр топади
2025-05-24 23:00:00 / Янгиликлар

Ҳар қандай жамиятнинг тараққиёти унинг фидойи аъзоларига боғлиқ. Ички ишлар органлари хизмати ҳам ходимлардан фидойиликни талаб қилади. Бусиз эл-юрт тинчлик-осойишталигини таъминлаш мушкул. Ҳуқуқ-тартибот посбонлари ўз вазифаларини бажариш йўлида соғлиқларини, керак бўлса, ҳаётларини тикадилар.
Навоий вилояти ички ишлар органларида хизмат қилиш чоғида ногиронлик орттирган ёки ҳалок бўлган ходимларнинг оилаларига доимий равишда ғамхўрлик кўрсатиб келинмоқда. Саломатлиги ёмонлашганлиги туфайли пенсияга чиққанларни вилоят ИИБ Тиббиёт бўлими шифокорлари вақти-вақти билан чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиб, зарур ҳолларда бепул дори-дармон билан таъминлашади.
Хизмат вақтида тан жароҳати олиб, пенсияга чиққан 4 нафар ходимга ҳамда уларнинг 14 нафар оила аъзосига жорий йилнинг ўтган даври ичида моддий ёрдам кўрсатилди. Бир нафар ходимга аса уй-жойини таъмирлаш учун фоизсиз қарз берилди.
Жароҳат олган ва ногирон бўлиб қолган ходимларимизга мунтазам равишда нафақат моддий, балки маънавий ёрдам ҳам кўрсатиб турамиз. Ҳар ойда ишчи гуруҳ аъзолари уларнинг ҳолидан хабар олиб туришади, турмуш шароитини ўрганишади, — дейди вилоят ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғининг ўринбосари, майор Тўймурод Абдуллаев.
Қарийб 10 йилдан ортиқ вилоят ИИБ ЖТСБ Патруль-пост хизмати батальонида хизмат қилган Элмирзо Султонов бир гуруҳ хавфли жиноятчиларни қўлга олиш вақтида бошидан қаттиқ жароҳат олди. Афсуски, шу туфайли хизматини давом эттиролмади. У пенсияга чиққач, аввалига ўзини жамиятдан узилиб қолгандек ҳис қилди.
Аммо бошқарма раҳбариятининг эътибори, ғамхўрлиги, ҳамкасбларининг меҳри Элмирзога руҳий далда бўлди. Қолаверса, унга зарур моддий ва тиббий-ижтимоий кўмак кўрсатиляпти.
Бошқармада ташкил этиладиган турли маданий-маърифий тадбирларга таклиф этишади.
Фарзандларим Гулноза ва Беҳрузга олий таълим муассасаларига ўқишга киришида имтиёзли сертификат тақдим этишди. Бундан ташқари, ҳар йили касаба уюшмаси томонидан менга бепул даволанишим учун йўлланмалар беришади. Бу эса биз учун катта ёрдам, — дейди истеъфодаги сержант Элмирзо Султонов.
Азиз Шомуродов Қизилтепа тумани ИИБ М ва ФРБ бошлиғи лавозимида самарали хизмат қилаётган бир пайтда оғир хасталикка чалинди.
Унинг Ҳиндистондаги жарроҳлик операцияси харажатлари вилоят ИИБ томонидан тўлаб берилди.
Бунинг учун вилоят ИИБ раҳбариятидан, турмуш ўртоғимнинг ҳамкасбларидан, қолаверса, қўлидан келган кўмагини аямаган маҳалла-кўйдан миннатдормиз. Уларнинг ёрдами билан умр йўлдошим шифо топди, — дейди истеъфодаги капитан Азиз Шомуродовнинг аёли.
Хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлганлар, жароҳат олганлар чинакам фидойилардир. Фидойилик эса ҳамиша қадр топади.
Зеро, инсонни қадрлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади.
©️ “Postda” газетаси, Маҳлиё Холова, Навоий вилояти.
