Аёл ва жамият. Нозик елкадаги катта масъулият
2025-05-23 15:10:00 / Янгиликлар

Халқимизда «Қўшнинг тинч — сен тинч», деган мақол бор. Бу ҳикматнинг мазмуни кундек равшан, мунозарага ўрин йўқдек кўринади. Лекин «Қўшнинг тинч бўлмоғи учун ўзинг нима қилишинг керак?» деган савол қўйилса, одам ўйланиб қолади...
1977 йилда туғилган Ш.Исмоилова ва 1980 йилда туғилган М.Алимова Бектемир тумани «Иқбол» маҳалласида анча йиллардан буён қўшни бўлиб яшаб келади. Улар тирикчилик мақсадида хусусий клиника дарвозаси ёнида майда-чуйда сотиб ўтирарди. Баъзан жой, баъзан харидор талашиб-тортишиб қоладиган бўлди. Охир-оқибат арзимаган важ, баҳона билан ҳам бир-бирини ҳақорат қиладиган даражага бориб етишади.
Аёллар ўртасидаги муштлашув ички ишлар органи ходимлари аралашуви билан якун топади...
- Биз ҳар икки аёл билан профилактик суҳбат ўтказдик. Ёмон қўшнидан қутулишнинг йўлларидан бири — ҳар бир одамнинг ўзи яхши бўлишга ҳаракат қилиши кераклиги, яъни бировга қилинажак ёмонлик ҳам, яхшилик ҳам қўшнидан бошланишини мисоллар орқали тушунтиришга ҳаракат қилдик, — дейди Бектемир тумани ИИОФМБ 2-сонли ИИБ ҲПБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, капитан Собира Раҳмонова. — Қолаверса, аёл киши жамоат олдида ўзини бундай бетартиб тутиши билан, аввало, ўзининг шаъни ва қадр-қимматини топтаса, қолаверса, қонун олдида ҳам жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирилди. Ҳар икки аёл ҳам хатоларини тушуниб етишди ва бир-биридан узр сўраб, келишиб олишди.
Капитан Собира Раҳмонова хизмат фаолиятида бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. 2020 йилдан Бектемир тумани ИИОФМБ 2-сонли ИИБ ҲПБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори вазифасида ишлаб келмоқда. У «Иқбол», «Чашма», «Гулбоғ», Абай номли маҳалла фуқаролар йиғинига хизмат кўрсатади. Мактаб билан ҳам ҳамкорликни тўлиқ йўлга қўя олган. Вояга етмаган қизлар билан алоҳида шуғулланади. Уларнинг давоматларини доимий назоратда ушлашга ҳаракат қилади.
Лавҳамиз қаҳрамони 2021 йилда «Йил аёли» миллий танловининг туманлараро босқичида қатнашиб, «Йилнинг энг ватанпарвар аёли» номинацияси бўйича тақдирланган. «Ёш китобхон», «Зукко китобхон», «Фидойи аёл», «Конституция билимдони», «Заковат» каби бир қанча кўрик-танловларда қатнашиб, доимо фахрли ўринларни қўлга киритиб келади. Бундан ташқари, шахмат, шашка, волейбол каби спорт мусобақаларида иштирок этиб, ўз иқтидорини намоён этиб келмоқда.
Лавҳамиз қаҳрамони ишдан ажралмаган ҳолда, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг 3-курсида таҳсил олмоқда.
Адолат Файзиева, ўз мухбиримиз. «Постда»
Тошкент шаҳри
