Бухорода таълим муассасасида хавфсизликни таъминлаш бўйича намунавий лойиҳа амалга оширилмоқда
2025-05-20 18:55:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазири ўринбосари, Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи Д.Назармухамедов Бухоро вилояти, Бухоро шаҳридаги “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 32-сонли умумтаълим мактабида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Таълим муассасасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, ўқувчиларни ҳуқуқий билимларини ошириш ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида бир қатор муҳим ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, мактаб ҳовлисида махсус йўл ҳаракати хавфсизлиги майдончаси ташкил этилди. Мактабга олиб борувчи йўлларга 16 та йўл белгилари ўрнатилиб, мактаб олдида сунъий нотекисликлар ва пиёдалар ўтиш жойлари ташкил этилди.
Шунингдек, мактабдаги йўл ҳаракати хавфсизлиги хонаси капитал таъмирланиб, замонавий жиҳозлар билан таъминланди. Мактаб атрофида хавфсизликни янада мустаҳкамлаш мақсадида 33 та видеокузатув камераси ўрнатилди. Мактабга кириб-чиқишни назорат қилиш, турникет тизимини жорий этиш ва ўқувчиларнинг давомати устидан онлайн кузатувни амалга ошириш мақсадида махсус назорат ўтиш жойи ташкил қилинди ва электрон давомат тизими йўлга қўйилди.
Бундан ташқари, ИИВ Бухоро Академик лицейи билан ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, ҳуқуқшунослик фанлари бўйича тўгарак фаолияти йўлга қўйилди.
Ташриф давомида Бухоро вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳамда вилоят ИИБ Тезкор бошқарув марказига ҳам ташриф буюрилди. Тезкор бошқарув марказидаги “Хавфсиз шаҳар” ягона аппарат-дастурий платформасига интеграция қилинган кузатув камералари ва уларнинг ишлаш принциплари ҳақида тақдимот ўтказилди. Бу тизим орқали жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жамоат тартибини сақлаш борасида кенг имкониятлар яратилган.
Бу каби тизимли ишлар таълим муассасаларида хавфсиз ва ҳуқуқий муҳитни таъминлаш, ўқувчи ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилиши шубҳасиз.



