Отам билан фахрланаман. Шижоатда биздан олдинда
2025-05-20 08:20:00 / Янгиликлар

Болалик хотираларим ҳақида ўйласам, меҳри талабчанлик билан йўғрилган, қатъиятли ва иродали инсон, ҳаётда ўз ўрнимни топишимга астойдил кўмак берган падари бузрукворимдан миннатдор бўламан. Ота изидан бориб, ички ишлар органи соҳасида самарали фаолият олиб бораётган бўлсамда, шижоат ва ғайратда отам, истеъфодаги майор Янгиқўрғон тумани ИИБ Фахрийлар кенгаши раиси Раҳмонали Жакбаров менга ўрнак бўлиб келаётганидан қувониб кетаман.
Бу йил 75 ёшни қарши олаётган отажоним туман ички ишлар бўлими раҳбариятига Фахрийлар кенгаши раиси сифатида мана 20 йилдан бери фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ишларига яқиндан ёрдам бериб келмоқда. Тўғриси, отам айни дам олиб, ҳузур-ҳаловатда яшайдиган даврида ҳам куйинчаклик билан елиб-югуришлари унча-мунча одамнинг қўлидан келмайди. Уларга қараб, кўпчиликнинг дарди билан яшайдиган инсонлар ўзи бошқача бўлар эканда, деган фикр ўтади хаёлимдан.
Отамнинг ички ишлар органларидаги хизмат фаолияти ҳарбий хизматдан сўнг, 1974 йилда Давлатобод тумани ИИБ Қўриқлаш бўлинмасидан бошланган. Икки йилдан сўнг Фарғонадаги милиция мактабида малака ошириб қайтади. Шундан кейин Наманган шаҳар Ички ишлар бўлимида автомототранспортлар бўйича бўлим командири бўлиб ишлайди. Бу орада Наманган давлат университетининг тарих ҳуқуқшунослик факультетининг сиртқи бўлимига ҳам ҳужжат топшириб, талабалик ва ходимликни ёнма-ён олиб боради. 1981-1998 йилларда Янгиқўрғон тумани ИИБда турли лавозимларда профилактика хизмати, вояга етмаганлар бўлимида фаолият олиб борган. 1998 йилдан 2002 йилгача Косонсой тумани ИИБ бошлиғининг ўринбосари лавозимида ишлаган. 2003 йилда пенсияга кузатилган.
Отамнинг айтишича, устози, ички ишлар органи тизимида раҳбарлик лавозимларида ишлаган раҳматли Меҳмонжон Холмирзаевга ҳавас қилиб, менга унинг исмини қўйишган экан. Оилада 5 фарзандмиз, кенжа бўлсамда, ортиқча эркалатишмаган. Отамнинг темир интизоми айниқса менга қаратилган бўлиб, юқори синфга ўтган пайтимдан бошлаб туман марказидаги 10-мактабга ҳар куни пиёда югуриб кетардим. Дарслардан сўнг қўшимча машғулотларда тарих, математика фанларини чуқур ўзлаштириш вазифаси ҳам бор эди. Ҳар куни туман марказида дадамнинг ишхонасига кириб ўтардим. Форманинг салобати ички ишлар ходимларига ўзгача кўрк бериб турар, уларни ҳавас билан кузатардим. Касбга меҳр болаликдан бошлангани учунми, спорт тўгаракларига қатнардим, ўз устимда ишлаб, ўзимга бўлган ишончни мустаҳкамлардим.
«Инсонни куч эмас, ақл бошқариши керак», деган насиҳатлари ишда ҳам, шахсий ҳаётда ҳам асқатяпти. Ота-онамнинг тарбия масаласидаги ёндашуви, отамнинг қатъияти, талабчанлиги, онам Ойдина Ҳожиакбарованинг меҳрибонлиги, жонкуярлиги биз фарзанд-лар камолида муҳим ўрин тутган. Ҳаётда ҳ аммамиз ўз ўрнимизни топиб, олий маълумот олдик. Акам банк ходими, катта опам ҳамшира, ўртанчаси фарзанд тарбияси билан банд, кичиги ўқитувчилик соҳасида фаолият олиб бормоқда.
Отам эндиликда набиралари учун ҳам жонкуяр бобо сифатида уларнинг ўқиши, қизиқишларини сўраб-суриштиради. Уларга нимаики керак бўлса, барчасини уддалашга ҳаракат қилади.
Фарзандлар ҳаётидаги муваффақиятлар асосида ота-она орзулари, дуолари мужассам. Бугун мен устозим, яқин маслаҳатчим — отам билан ҳақли равишда фахрланаман.
Меҳмонали ҲОЖАКБАРОВ, Чуст тумани ИИБ бошлиғининг ўринбосари, майор.
