18 май — “Халқаро музейлар куни“. ИИВ тарихи музейи – ёш авлодда ватанпарварлик туйғусини шакллантираётган маънавий маскан
2025-05-18 09:00:00 / Янгиликлар

Музейлар аждодлардан мерос бўлган маданий бойликларни, тарихий хотираларни келажак авлодга етказиб берадиган илмий, маънавий-маърифий хазина.
Ички ишлар вазирлигининг «Ички ишлар органлари тарихи» музейига ташриф буюрган ҳар бир инсон нафақат тизим тарихи ва фаолияти, балки эл-юрт тинчлиги ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш йўлида амалга оширилган ишлар, соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, бу борада ўрнак кўрсатган ички ишлар органлари ходимларининг шарафли фаолияти билан ҳам яқиндан танишади.
Жорий йилнинг 5 ойи давомида, музейга 1200 нафардан ортиқ ташрифчилар, жумладан, Тошкент шаҳри ва вилоятидаги таълим муассасалари ўқувчи ва талабалар, ички ишлар органлари раҳбарларига бириктирилган ёшлар, шунингдек, музей жойлашган «ЖАР» спорт-соғломлаштириш комплексида ўтказилаётган турли халқаро мусобақаларда иштирок этиш учун қўшни республикаларидан келган юзлаб спортчи ёшлар ташриф буюрдилар.
Хусусан, Ички ишлар вазирининг тегишли фармойишига асосан апрель ойи давомида барча ички ишлар органларида ўтказилган «Маънавият ойлиги» доирасида музейга ташриф буюрган ходимлар ва ИИВ Академияси курсантлари сони 700 нафардан ошди.
Ташрифчиларга ички ишлар органлари тарихи, ички ишлар органларининг эл-юрт осойишталигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолияти, бу йўлда самарали хизмат қилган ходимларнинг ибратли ҳаёти, сўнгги йилларда тизимда амалга оширилган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилмоқда.
Бу каби ташрифлар ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга, уларнинг юртимиз тарихига бўлган муҳаббатини янада оширишга, келажакда халқимизга садоқат билан хизмат қиладиган мард ва жасур ходимларни шакллантиришга хизмат қилади.
Музей экспозициясини янада бойитиш мақсадида яқинда «ЖАР» Спорт соғломлаштириш комплекси раҳбарияти ташаббуси билан музей ҳовлисида намойишга қўйилган турли йилларда хизматда фойдаланилган «Москвич-412», «ГАЗ-М-21», «ГАЗ-24» (Волга), «ВАЗ 21013» (Жигули), «ВАЗ-2121» (Нива) автомобиллари қаторига «Dogan», «Daewoo Nexia-1» ва «Lacetti» автомобиллари ҳам қўшилди.
Тегишли жиҳозлар ва белгилар билан безатилган ушбу автомобиллар ташрифчилар, айниқса, ёшларнинг қизиқишига сабаб бўлмоқда.









