Тўйхат ўрнида. Пири бадавлатлик сири
2025-05-17 22:00:00 / Янгиликлар

Ваҳобжон Ғуломович 1981 Йили ИИВ Молия-режалаштириш бошқармаси катта муҳандис-иқтисодчиси лавозимига тайинлангач, иш жараёнида унча қийналмади. Сабаби, бунгача 4—5 йил банкда ишлаб, муайян амалий кўникма ҳосил қилганди. Қолаверса, соҳага оид молиявий ҳужжатларни расмийлаштиришнинг ўзига хос жиҳатларини устозлари — полковниклар Шуҳрат Исҳоқхўжаев, Николай Цой, подполковник Ўктам Сиддиқовдан ўрганди. Лекин ўша кезлари ҳужжатлар рус тилида юритилгани боис, бу борада анча қийналгани рост.
Орадан 4 йил ўтиб, вазирликнинг Ахлоқ тузатиш ишлари бошқармасига ўтказилгач, яна бир қийинчиликка дуч келди. Гап шундаки, мазкур тизим Москвадан молиялаштириларди. Зарур маблағни ундириш учун тез-тез собиқ иттифоқ пойтахтига бориб, бир ҳафта-ўн кунлаб сарғайишга мажбур бўларди.
Кейинроқ ИИВ ЁСБ Молия-режалаштириш бўлими бошлиғининг ўринбосари, вазирликнинг Молия-иқтисод бошқармаси бўлим бошлиғи лавозимларида ишлади. Лекин бундоқ ўйлаб кўрса, чорак асрлик хизмат фаолиятининг асосий қисми Жазони ижро этиш тизимида кечибди.
1996 — 2006 йиллар оралиғида ушбу тизимда анчагина ишларни амалга оширишга ИИВ ЖИЭББ Молия-режалаштириш бошқармаси бошлиғи сифатида салмоқли ҳисса қўшди. Ушбу даврда қишлоқ хўжалигига, чорвачиликка ихтисослашган қатор манзил колониялар ташкил қилинди. Хориждан сутни қайта ишлашга мўлжалланган илғор технологиялар олиб келинди. Маҳкумларнинг яшаш шароитлари яхшиланди. Жазони ижро этиш муассасаларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Хусусан, улар учун кўплаб автотранспорт воситалари харид қилинди.
Лавҳамиз қаҳрамони ўзига муносиб шогирдлар ҳам тарбиялаб етиштирди. Улардан полковниклар Абдуҳамид Расулов, Қобилжон Абдураҳмонов, подполковник Азиз Тўлаганов турли масъул лавозимларда хизмат қилишди. Полковник Ваҳобжон Эргашев 2007 йилда ИИВ ЖИЭБ бошлиғининг ўринбосари лавозимидан иззат-икром билан пенсияга кузатилди. Лекин ҳалигача ҳамкасблари билан алоқалари узилгани йўқ. Уни ИИВ ҳузуридаги ЖИЭДда бўлиб ўтадиган тантанали тадбирларга, уч авлод учрашувларига таклиф этишади. Шогирдлари йўқлаб туришади. Бундан қувонмай бўладими.
«Умр — оқар сув» деб бежиз айтишмайди. Ваҳоб Ғуломович 15 май куни 70 ёшга тўлди. Уни бемалол пири бадавлат инсон деса бўлади. Бунинг сири — Зуҳра опа билан аҳил-иноқликда бир-бирини тушуниб, авайлаб, бир-бирига меҳр-оқибат кўрсатиб умргузаронлик қилиб келяпти. Ҳозир иккаласи фарзандлару неваралари ардоғида. Зуҳра опа 40 йилдан зиёд банк тизимида ишлаган, меҳнат фахрийси. Қизларидан Зулфия ота изидан бориб, ички ишлар органларида самарали хизмат қилиб, майор унвонида пенсияга чиқди. Дилфуза эса тадбиркор.
— Ўригидан данаги ширин бўларкан, — дейди Ваҳобжон ака. — Невараларимнинг бахту иқболидан қувониб юрибман. Улардан Муниса Турин политехника университети аспиранти. Вазира бўлса Тошкент давлат стоматология институти талабаси. Қолганлари ҳали мактабда ўқишади.
Фурсатдан фойдаланиб, истеъфодаги полковник Ваҳобжон Эргашевни табаррук 70 ёши билан қутлаб, барча невараларининг бахту камолини кўришини тилаб қоламиз.
Бобомурод Тошев, ўз мухбиримиз. “Постда”
