Ички ишлар вазирлигининг ишчи гуруҳи томонидан Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган комплекс инспекторлик текшируви якунларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди
2025-05-16 14:50:00 / Янгиликлар

Тадбирда Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда туман ва шаҳар даражасидаги ички ишлар органлари раҳбарлари ҳамда соҳавий хизматларнинг масъуллари иштирок этдилар. Йиғилишда ички ишлар органлари хизматининг жорий ҳолати, фаолият самарадорлиги, шахсий таркибнинг касбий тайёргарлиги, хизмат интизоми ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишлар тўлиқ таҳлил этилди.
Хизмат фаолиятида юқори натижаларга эришган, намунали хизмат фаолияти учун аҳоли ҳамда сафдошлари томонидан алоҳида эътироф этилган бир гуруҳ ходимлар Ички ишлар вазирининг буйруғи билан муносиб мукофотландилар.
Жумладан, Беруний тумани ИИБ профилактика катта инспектори подполковник Ўктам Искандаров ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси инспектори сафдор Бахтиёр Ниетов “Аъло хизматлари учун” кўкрак нишони билан, Бўзатов тумани ИИБ бошлиғи полковник Умида Курбанбаева ва биринчи минтақавий ҳудуд тезкор вакили полковник Бекмурза Булатов I-даражали “Бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишони билан, шунингдек Амударё тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи катта терговчиси майор Маъмуржон Шамурадов ва Қонликўл тумани ИИБ Ташкилий бўлинмаси мурожаатлар билан ишлаш гуруҳи кичик инспектори сержант Сагынбай Турдымурадов Ички ишлар вазирининг эсдалик қўл соати билан тақдирландилар.
Мажлисда қатор соҳаларда эришилган ижобий натижалар билан бирга, йўл қўйилган камчиликлар ва тизимдаги муаммоларга ҳам эътибор қаратилди. Текшируви натижаларига кўра, хизмат фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйган бир қатор раҳбарларга нисбатан интизомий таъсир чоралари қўлланилди.
Таъкидланишича, мазкур текширув фақат назорат мақсадида эмас, балки тизим фаолиятини такомиллаштириш, ички ишлар органларини замонавий талабларга мувофиқ равишда самарадорлигини оширишга қаратилган амалий қадам сифатида хизмат қилмоқда.
Тадбир жараёнида, шунингдек, инспекторлик текшируви натижаларига кўра, марказий аппарат ҳамда ҳудудий бўлинмаларнинг моддий-техник таъминотини яхшилаш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Йиғилиш якунида масъулларга хизмат фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш, жамоавий масъулиятни ошириш ҳамда фуқароларнинг ишончини мустаҳкамлашга қаратилган аниқ топшириқлар берилди ва ижроси назоратга олинди.






