Андижонда оммавий сайёр қабуллар ўтказилди ва жиноятчиликка қарши тизимли чоралар муҳокама қилинди
2025-05-16 09:20:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 13–16 май кунлари Андижон вилоятида Республика ишчи гуруҳи, Халқ қабулхонаси ва ташкилот раҳбарлари иштирокида оммавий сайёр қабуллар бўлиб ўтмоқда. Жумладан, 14 май куни Ички ишлар вазирлиги ва Андижон вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан Андижон шаҳри, Асака, Марҳамат ҳамда Булоқбоши туманлари аҳолиси учун сайёр қабуллар ташкил этилди.
Қабуллар давомида фуқароларнинг ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ, шунингдек, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга оид мурожаатлари тегишли соҳа масъуллари томонидан ўрганилиб, амалий ёрдамлар кўрсатилди. Бундай оммавий сайёр қабуллар вилоятнинг бошқа туманларида ҳам давом эттирилиши белгиланган.
Шунингдек, жиноятчиликнинг олдини олиш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўтказилаётган “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбири доирасида амалга оширилган ишлар ҳам муҳокама қилинди. Андижон вилояти ИИБ бошлиғи, полковник Санжар Джабаров раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ушбу тадбирлар натижаси ва йўл қўйилган камчиликлар танқидий таҳлил қилинди.
Йиғилишда айрим ҳудудларда профилактик чоралар етарлича самарали ташкил этилмагани таъкидланди. Шу билан бирга, бундай тадбирлар доимий равишда ташкил этилса, кутилган ижобий натижаларга эришиш мумкинлиги қайд этилди. Келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан аниқ кўрсатмалар берилди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати









