Аёл ва жамият. Хизматни холис қилган олисга етар
2025-05-15 23:00:00 / Янгиликлар

Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Ички ишлар органларида салкам чорак асрдан буён турли лавозимларда хизмат қилиб келаётган Бекобод тумани 11В хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, подполковник Нодира Қосимова ҳам хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, уларнинг ҳуқуқий манфаатларини таъминлашга муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Гендер тенгликка эришишда барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш, хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишда давлат ва фуқаролик институтларининг ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш йўлида барчамиз бирдек ҳаракат қилмоғимиз лозим, — дейди фидойи ходима.
Лавҳамиз қаҳрамони хотин-қизлар масалалари борасида туманда 2019 йилдан буён хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда у ўз йўналиши бўйича маҳаллалардаги ҳолатларни ўрганиб, уни ҳар томонлама таҳлил қилиб боради. Оилавий шароити оғир, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар билан кўпроқ ишлаб, уларнинг бандлигини таъминлашга ҳам ҳаракат қилади. Эҳтиёжмандларга оналарча, опаларча меҳр кўрсатиб муаммоларига қулоқ тутади.
Жумладан, ўтган йили хотин-қизлар учун 11 маротаба меҳнат ярмаркалари ўтказилиб, улардан 43 нафарининг бандлиги таъминланган, 110 нафари касб-ҳунарга ўқитишга йўналтирилган.
Жорий йилнинг биринчи чорагида эса 6 маротаба меҳнат ярмаркалари ташкил этилиб, 29 нафар хотин-қиз иш билан таъминланган, 34 нафари касб-ҳунарга ўқитишга йўналтирилган.
Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, ўтган йил якунларига кўра, туманда хотин-қизлар ўртасидаги жиноятлар сони 2023 йилга қараганда икки баробарга камайишига эришилган.
Бугунги кунда туман ҳудудидаги 51 та маҳаллага борилиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларга ҳуқуқий-психологик ва тиббий ёрдамлар кўрсатилмоқда.
Подполковник Нодира Қосимова икки қизни тарбиялаб вояга етказмоқда. Катта қизи Севинч Қосимова ИИВ қошидаги 2-сонли Тошкент академик лицейида таҳсил олган.
Ҳозирда ИИВ Академиясида таҳсил олишни мақсад қилиб астойдил бел боғлаган. Кичкина қизи Сабоҳат эса спортнинг ўзбек жанг санъати туридан мусобақаларда иштирок этиб, совриндорлар сафидан жой олиб келмоқда.
©️ “Postda” газетаси, Аброр Поёнов, Тошкент вилояти.
