Бухоро вилояти Шофиркон туманида жиноятчиликка барҳам бериш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли тезкор ҳамда профилактик тадбирлар, манзилли чора-тадбирларнинг натижадорлиги жойига чиқиб ўрганилди
2025-05-15 09:00:00 / Янгиликлар

Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида жиноятчиликка чек қўйиш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш ҳамда жамоат тартибини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли профилактик ва тезкор чора-тадбирлар самарадорлиги ўрганилди.
Бу жараён Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январь куни қабул қилинган “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 801-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.
Ўрганиш ишлари Қалмақон ва Бобоҳайдар маҳаллаларида “еттилик” таркибидаги мутасаддилар иштирокида ўтказилиб, маҳаллалардаги жиноятчилик ҳолати, “Намунали хавфсиз кўча” ва “Намунали хавфсиз йўлак” лойиҳалари доирасида амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммолар ва камчиликлар танқидий муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, “Бухоро тажрибаси” асосида профилактика катта инспекторларига ажратилган учувчисиз учиш аппаратларидан (дронлардан) фойдаланиш амалиёти ва дастлабки натижалар ҳам таҳлил қилинди.
Бобоҳайдар маҳалласида жойлашган 18-сон умумий ўрта таълим мактабида ўқувчиларнинг хавфсизлиги, давомати, ватанпарварлик руҳида тарбиясига қаратилган ишлар, мавжуд шарт-шароитлар ўрганилди.
Ўрганишлар якунлари бўйича ўтказилган йиғилишда жорий йил март ойида Ички ишлар вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган комплекс инспекторлик текшируви натижалари муҳокама қилинди.
Тадбир давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан манзилли топшириқлар берилди. Шунингдек, “Хавфсиз ва соғлом юрт” ҳамда “Қорадори — 2025” дастурлари доирасида амалга оширилган ишлар натижалари кўриб чиқилди.
Якунда хизмат фаолиятида салбий кўрсаткич қайд этган ходимларга нисбатан интизомий таъсир чоралари қўлланилди, юқори натижага эришган 5 нафар ходим эса рағбатлантирилди.
Шу билан бирга, шахсий таркиб ўртасида хизмат ва ижро интизомини мустаҳкамлаш, қонунбузарликларнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ва огоҳлантириш ишлари олиб борилди.
Тадбир якунида аниқланган муаммоларни ҳал этиш бўйича берилган топшириқлар ижроси қатъий назоратга олинди.
Бундай профилактик ва таҳлилий тадбирлар Бухоро вилоятининг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам тизимли равишда давом эттирилмоқда.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









