Бухоро вилоятдаги болалар ёзги соғломлаштириш оромгоҳларида жорий йилги мавсумга кўрилган тайёргарлик ишлари ўрганилди
2025-05-15 09:00:00 / Янгиликлар

Жорий йилда Бухоро вилоятида 143 та стационар ва кундузги соғломлаштириш майдончаларида 18 435 нафар болани соғломлаштириш режалаштирилган. Улардан 7 260 нафари 11 та стационар оромгоҳда, 11 410 нафари эса 132 та кундузги майдончада дам олади.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида болалар хавфсизлиги ва мазмунли дам олишини таъминлаш вазифалари белгиланди. Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокими бошчилигидаги мутасаддилар оромгоҳларда ўрганиш ишларини бошладилар.
Бухоро туманидаги “Ёш пахтакор” оромгоҳида ёритиш, тозалик, хавфсизлик жиҳозлари билан боғлиқ бир қатор камчиликлар аниқланди. Вобкент туманидаги “Порлоқ келажак” ва “Қуёш нури” оромгоҳларида ҳам йўл ёритиш, тиббий жиҳозлар, гигиена шарт-шароитлари бўйича муаммолар қайд этилди.
Ғиждувон туманидаги “Болалар сайёраси” оромгоҳида мавсумга тайёргарлик ҳолати ўрганилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш вазифалари белгиланди.
Шунингдек, Шофиркон туманида қурилаётган янги замонавий оромгоҳ қурилиш ишлари ҳам кўздан кечирилди. Унинг умумий қиймати 25 миллиард сўм бўлиб, 7 гектар майдонда барпо этилмоқда. Қурилишни жадаллаштириш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича топшириқлар берилди.
Кун давомида аниқланган камчиликлар учун мутасаддиларга танқидий баҳо берилиб, манзилли чоралар белгилаб олинди. Бундай ўрганишлар вилоят бўйлаб давом эттирилмоқда.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









