Андижон вилоятида оммавий сайёр қабуллар бошланди, вояга етмаганлар билан ишлаш масалалари муҳокама қилинди
2025-05-14 13:20:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 13–16 май кунлари Андижон вилоятида Республика ишчи гуруҳи, Халқ қабулхонаси ва ташкилот раҳбарлари иштирокида оммавий сайёр қабуллар ташкил этилмоқда. 13 май куни Хонобод шаҳар, Қўрғонтепа, Жалақудуқ ва Хўжаобод туманларида ўтказилган қабулларда фуқароларнинг ички ишлар органлари фаолияти, шунингдек қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ мурожаатлари тингланиб, тегишли соҳа вакиллари томонидан ўрганилиб, амалий ёрдамлар кўрсатилди. Ушбу сайёр қабуллар вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом этади.
Шу куни, 13 майда Андижон вилояти ИИБда Ички ишлар вазирининг топшириғига асосан вилоятдаги вояга етмаганлар бўйича инспектор-психологлар фаолияти юзасидан ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди. Бошқарма бошлиғи, полковник Санжар Джабаров раислигида ўтган учрашувда сўнгги 4 ой давомида вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш, профилактик тадбирлар самарадорлигини ошириш юзасидан амалга оширилган ишлар танқидий муҳокама қилинди.
Йиғилиш давомида инспектор-психологларнинг ҳисоботлари тингланиб, уларнинг кейинги фаолият йўналишлари белгилаб олинди. Ёзги таътил даврида оромгоҳларда намунали жамоат тартибини сақлаш, вояга етмаганларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди. Шунингдек, бошқарма раҳбари томонидан инспектор-психологлар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, уларни қийнаётган масалалар муҳокама қилинди ва амалий таклифлар тингланди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати









