Ёшлар — келажак бунёдкори. Маҳалланинг жонкуяри
2025-05-13 23:00:00 / Янгиликлар

Олмалиқ шаҳридаги «Мусо Жалил» маҳалла фуқаролар йиғинига хизмат кўрсатувчи профилактика инспектори, катта лейтенант Солижон Анорқулов тизимда фаолиятини бошлаганига атиги уч йилдан ошди.
Хизматни инспектор-психолог лавозимида бошлаган ёш ходимга подполковник Ҳакимжон Шодиев устозлик қилди.
Ҳозирда 2700 нафардан ортиқ аҳоли яшайдиган маҳаллада хизмат қилаётган осойишталик посбони профилактик ҳисобда турувчи шахслар билан мунтазам тушунтириш ишларини олиб боряпти.
Жорий йил бошидан бугунги кунгача 13 кишини ишга жойлаштирди. Ичкиликбозликка ружу қўйган бир неча шахсларни Ихтисослашган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази Тошкент вилояти филиалига даволанишга ётқизди.
Шунингдек, маҳалланинг гавжум жойлари, кўп қаватли уйлар ва умумий овқатланиш шохобчалари ёнига «ташвиш тугмалари» ўрнатилишига бош-қош бўлди.
Қилинган саъй-ҳаракатлар ўз натижасида «қизил» тоифада турган маҳалла ўтган йили «сариқ» тоифадаги маҳаллалар қаторига киритилди. Жорий йилнинг ўтган даврида эса, содир этилган битта жиноят ҳам «иссиқ изида» очилиб, айбдорга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланди.
Галдаги вазифа — «яшил» тоифадан жой олиш. Ўйлаймизки, профилактика инспекторининг бу борадаги уринишлари ҳам ўз самарасини беради.
©️ “Postda” газетаси, Михли Сафаров, капитан. Тошкент вилояти.
