Ички ишлар вазирлиги ишчи гуруҳи Фарғона вилоятида фаолиятини бошлади
2025-05-12 22:55:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш орқали аҳоли розилигига эришиш борасида барча тегишли идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирларда амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Фарғона вилоятида фаолиятини бошлади.
Батафсил, дастлаб Ички ишлар ишлар вазири ўринбосари раислигида йиғилиш ўтказилиб, унда Фарғона шаҳрида ўтган давр мобайнида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда жиноятчиликнинг олдини олиш борасида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш, ҳудудда жиноятларни жиловлаш бўйича чуқур таҳлиллар асосида аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Сўнг, вазир ўринбосари генерал-майор Бекмурод Абдуллаев Фарғона тумани ички ишлар бўлимига фойдаланишга топширилган янги маъмурий биносининг очилиш маросимида иштирок этди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан Фарғона туманида қизил тоифага киритилган “Чимён“ маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда ушбу ҳудудда ташкил этилган маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани томонидан амалга оширилган ишлари ўрганилиб, ижтимоий профилактика, илгари судланганлар, хотин-қизлар, ёшлар ва вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш юзасидан амалга оширилиши лозим ишлар белгиланиб, мутасадди ташкилот масъулларига тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.








