Бизнинг суҳбат. Барча қулайликлар инсон қадри учун
2025-05-12 15:50:00 / Янгиликлар

- «Хавфсиз шаҳар» тизими — хавф-хатарларни, фавқулодда вазиятларни, ҳодисаларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни комплекс бошқариш тизими бўлиб, давлат томонидан аҳоли ҳаёти ва фаолиятини барча ташқи таҳдидлардан муҳофаза қилади, — дейди у. — Шунингдек, жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар ҳаёти ва соғлигини турли хавфлардан ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахслар мулкининг ишончли қўриқланишини ташкил этиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасига қаратилган жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимида бир қатор ишларни амалга оширади.
Ички ишлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда ҳудудларда «Хавфсиз шаҳар» ягона интеграциялашган тизимини яратиш ва ривожлантириш юзасидан йиллик манзилли дастурлар ишлаб чиқилди. Дастур ижроси доирасида ҳудудларда тизимни жорий қилиш учун босқичма-босқич қурилмалар белгиланган манзилларда ўрнатилиб, ишга туширилмоқда. Жумладан, ўтган йилнинг охиригача «Хавфсиз шаҳар» лойиҳаси доирасида 11 минг 243 та турли йўналишдаги камералар ўрнатилди. Маҳаллалардаги кўп қаватли уйлар, таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари ҳамда уларга кириш-чиқиш жойларида интеллектуал видеокузатув камералари қўйилиб, ҳудудий ички ишлар органларининг Тезкор бошқарув марказларига интеграция қилинмоқда.
Шунингдек, доимо одамлар билан гавжум бўладиган бозорлар, маданият ва истироҳат боғлари, савдо марказлари, майдонлар, музей, кўнгилочар масканлар, меҳмонхоналар ва дам олиш мажмуаларида шахсни юзидан таниб олувчи камераларни ўрнатиш ҳамда уларни ҳудудий ички ишлар органлари ва Миллий гвардия бўлинмаларининг ахборот тизими билан интеграция қилиш бўйича бир қатор ишлар бажарилмоқда.
Энг муҳими, «Хавфсиз шаҳар» тизимининг ягона аппарат-дастурий платформаси жорий этилиб, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд, Жиззах, Андижон, Фарғона ва Тошкент вилоятларида тест режимида ишга туширилди.
- Марказ эришадиган ютуқлар нималарда намоён бўлади?
- «Хавфсиз шаҳар» лойиҳаси тўлиқ жорий этилганидан сўнг, мазкур тизимлар орқали жиноятчилик 30-40 фоизгача камайишига, фото ва видеоматериаллар ёрдамида жиноятларнинг 40-50 фоизгача фош этилишига муваффақ бўлинади.
- Мамлакатимиз туризм салоҳияти ривожига мазкур лойиҳаларнинг аҳамияти қандай?
- Халқаро туризм амалиётига кўра, саёҳатчилар кўпайиши ва саёҳат географияси кенгайиши билан хавфсизлик чораларига риоя этиш зарурати кескин ортади. Шу сабабли, Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани «Чорвоқ» эркин туристик зонасида «Хавфсиз туризм» лойиҳаси доирасида 140 га яқин объектнинг видеокузатув камералари «Вазиятлар маркази»га интеграция қилинди.
Шу билан бирга, йўлларда тирбандликларнинг олдини олиш учун ноқонуний тўхташ ва тўхтаб туриш қоидабузарликларини аниқловчи, автотранспорт оқимини ҳисобловчи ва давлат рақами белгисини аниқловчи, тезликни ўлчовчи фото-видео қайд этиш ҳамда ёнғиндан хабар берувчи интеллектуал видеокузатув қурилмалари ўрнатилиб, фойдаланишга топширилди. Бу эса, сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартиби ҳамда йўл ҳаракати қоидалари бузилишининг олдини олиш, воқеа-ҳодисаларни узлуксиз кузатиб бориш, муаммонинг бевосита бошланғич нуқтасидан хабардор бўлиш ва бартараф этишга хизмат қилади. Ўз навбатида, туризм соҳасида хизматлар кўрсатувчи ва сайёҳлар ҳисобини юритувчи давлат ҳамда нодавлат ташкилотларининг ягона ахборот базасини шакллантиришда қўл келмоқда.
- Оммавий тадбирларда қонунбузарликлар қай тарзда бартараф этилади?
- Ҳукумат топшириқлари асосида жойларда ўтказилган тадбирлар учун видеокузатув тизимлари жорий этилди. Масалан, авваллари юртимиздаги олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ўтказиладиган тест синовларида турли ноқонуний ҳолатлар кузатиларди. Эндиликда, тест синовларининг шаффофлиги ва ҳаққонийлигини таъминлашга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Бу эса, абитуриентлар ва ота-оналар кўнглида соғлом рақобатга ишонч уйғотди. Шунингдек, мамлакатимиздаги энг муҳим ижтимоий ва сиёсий тадбирларда ҳам мазкур ҳудудларга видеокузатув қурилмалари ўрнатилиб, жамоат хавфсизлигини мониторинг қилиш ва мувофиқлаштириш ҳамда Жамоат хавфсизлиги хизмати ситуацион-таҳлил марказига тўлиқ интеграция қилинди.
- Маҳаллалар ва йўллардаги қоидабузарликларни аниқлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳам тўхталсангиз?
- Маҳаллалардаги нохуш вазиятларни камайтириш, тинчлик-осойишталикни таъминлаш учун бугун Наманган, Сирдарё, Бухоро, Самарқанд, Фарғона, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри маҳаллаларида жами 1 минг 157 та, шаҳар ва туманларга кириш-чиқиш объектларига автотранспорт воситаларининг давлат рақами белгиларини аниқловчи 19 та ва йўл ҳаракати қоидабузарликларини фото-видео қайд этувчи автоматлаштирилган тизим учун 84 та, тўхташ ва тўхтаб туриш, белгиланган тезликдан оширилганлик учун қоидабузарликларини аниқловчи 9 та камера ўрнатилди. Шу билан бирга, «Рақамли хавфсиз маҳалла» концепцияси доирасида Самарқанд, Наманган, Фарғона, Қашқадарё вилоятларида жами 790 та, шаҳар ва туманларга кириш-чиқиш объектларида автотранспорт воситаларининг давлат рақами белгиларини аниқловчи 71 та камера ишлаб турибди.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳудудий йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари томонидан ўрнатилган йўл ҳаракати қоидалари бузилишини фото ва видео қайд этувчи ҳамда «Маъмурий амалиёт» комплекс автоматлаштирилган ахборот тизимига маълумотларни узатувчи 407 та камера «Хавфсиз шаҳар» маркази тасарруфига ўтказилди. 146 та радар, 6 та тўхташ ва тўхтаб туриш қоидабузарликларини қайд этувчи камералар ҳаракат хавфсизлиги хизматининг «Маъмурий амалиёт КААТ» тизимига интеграция қилинди.
- Келгусида яна қандай режаларни амалга ошириш кўзда тутиляпти?
- Юртимиз бўйлаб хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида Самарқанд, Фарғона, Қашқадарё, Наманган ва Тошкент вилоятларининг «қизил» тоифадаги маҳаллаларида рақамлаштириш ва интеллектуал видеокузатув камераларини ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, 1 373 та «қизил» тоифадаги маҳаллаларга 23 минг 328 та ана шундай камералар ўрнатиш режалаштирилган. Айни пайтгача уларнинг 3 278 таси ўрнатилиб бўлинди. Шунингдек, «Рақамли хавфсиз маҳалла» концепцияси асосида Самарқанд вилоятида 460 та, Фарғона вилоятида 216 та, Қашқадарё вилоятида 381 та, Наманган вилоятида 410 та, Тошкент вилоятида 65 та юздан таниб олиш, айланма ҳамда автотранспорт воситасининг давлат рақамини аниқлаш имконига эга бўлган интеллектуал видеокузатув камералари ўрнатилиб, босқичма-босқич интеграциялаш ишлари олиб бориляпти.
Михли Сафаров, капитан. «Постда»
