“Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор профилактик тадбирлари доирасида Косон ва Муборак туманларида амалга оширилган ишлар танқидий-таҳлил қилинди
2025-05-11 09:00:00 / Янгиликлар

Вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Абдувохид Исмоилов иштирокида “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор профилактик тадбири доирасида Косон ва Муборак туманларида амалга оширилган ишлар танқидий-таҳлил этилди.
Полковник Абдувохид Исмоилов ҳар икки туманда ўтган давр мобайнида криминоген вазиятни жиловлаш, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, жамоат тартибини сақлаш, хавфсизликни таъминлаш ҳамда криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасида ички ишлар органлари ходимлари фаолиятини атрофлича таҳлил қилди.
Йиғилишлар давомида жиноятларнинг олдини олиш, содир этилганларини фош этиш, гиёҳвандлик ва бошқа иллатларга қарши курашиш, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, ижтимоий профилактикани кучайтириш, жиноят содир этишга мойил ва назоратдаги шахслар билан манзилли иш олиб бориш, аҳоли гавжум жойларда – бозорлар, кўнгилочар масканлар ва савдо нуқталарда жамоат тартибини сақлаш юзасидан амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.
Масъул ходимлар зиммасига аниқ вазифалар юклатилиб, улар огоҳлантирилди. Шунингдек, тезкор тадбирларни янада кучайтириш, фуқаролар осойишта ҳаёт кечиришлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида бозорлар, чойхоналар, савдо дўконларига видеокамералар ўрнатиш ишларини жадаллаштириш, ходимларнинг ишчанлик ҳолатини мунтазам текшириб бориш ҳамда маҳаллий ҳокимликлар, корхоналар ва ташкилотлар билан, айниқса, маҳалла еттилиги билан ҳамкорликни янада кучайтириш юзасидан манзилли топшириқлар берилди.
Қашқадарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати









