«Хотира муқаддас, қадрлаш бурчимиз» 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ўтказилган эзгу ташаббус ҳақида
2025-05-09 10:00:00 / Янгиликлар

Ҳар йили мамлакатимизда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонланади. Бу сана – уруш йилларидаги мардлик ва жасорат, тинчлик учун курашган авлодларга ҳурмат ифодаси, уларнинг хотирасини эъзозлаш ва бугунги тинч ҳаётимизни асраб-авайлашга қаратилган улуғ айёмдир.
Ана шундай муҳим сана муносабати билан жорий йилнинг 9 май куни Ички ишлар органларининг ёш ходимлари ва фаол ёшлар иштирокида юртимиз бўйлаб бир қатор эзгу тадбирлар ўтказилди. Хусусан, «Шараф лентаси» акцияси доирасида аҳолига рамзий ленталар тантанали равишда топширилди.
Бу каби мулоқотлар ёш авлод қалбида ватанпарварлик, тарихга ҳурмат, катта авлодга эҳтиром туйғуларини янада мустаҳкамлади.
Акция доирасида тарқатилган «Шараф лентаси» – бу шунчаки рамз эмас, балки халқимизнинг жасоратли ўтмиши ва эртанги кунимиз учун жавобгарлик ҳиссини акс эттирувчи муқаддас белгидир. Акция иштирокчилари ушбу лентани кўкрагига тақиб, юртдошларимизни хотира ва қадрлаш руҳида якдил бўлишга чақирдилар.
Мазкур ташаббус ёшлар онгида миллий ғурур ва ватанпарварлик туйғуларини кучайтириш, шунингдек, тарихий хотирани асраб-авайлашга қаратилган муҳим қадамлардан бири бўлиб хизмат қилди.





