Хизмат жойи — қоровул қўшинлари. Юрт осойишталигин муқаддас билиб
2025-05-07 23:00:00 / Янгиликлар

Она Ватан осойишталиги йўлида астойдил хизмат қилиш, бу аввало, масъулиятни ҳис этиш, шунингдек, турли таҳдид ва хавфлар ҳамда кутилмаган ҳолатларга тайёр туриш демакдир.
Ана шундай эзгу мақсадда залворли вазифаларни зиммасига олган III даражали сержант Неъмат Қаҳҳоров ҳам аҳдига фидойилик билан бурчини адо этиб келмоқда.
Асли Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида туғилиб вояга етган лавҳамиз қаҳрамони ёшлигидан тиришқоқ, уддабурон ва айтганини қиладиган эди.
Улғайгани сайин ушбу хислатлари янада кучайиб борди. Неъмат футболнинг ашаддий мухлиси бўлиш билан бирга, майдонда ҳам ажойиб ўйин кўрсатиш қобилиятига эга.
У мактабни тамомлагач, спорт ва педагогика коллежида таълим олди. Жисмонан бақувват ҳамда эпчиллиги билан тенгдошлари орасида кўзга ташлана бошлади.
Ўқишни битиргач, булунғурлик болаларга футболдан мураббийлик қилди.
Орадан бироз вақт ўтиб эса, жонажон Ватани олдидаги йигитлик бурчини бажариш учун армияга отланди. Ҳарбий хизмат унинг ҳаётида ўчмас из қолдирди.
Шу боисдан ҳаётини Ватан ҳимоясига бағишлашга аҳд қилди. Илк хизмат фаолиятини ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли Навоий вилоятида жойлашган 7532-ҳарбий қисмда шартнома асосида бошлади. Устозларидан ҳарбийлик сир-асрорларини пухта ўрганиб, малакасини оширди.
Айни пайтда Неъмат Қаҳҳоров ушбу ҳарбий қисм таъминот батальони секция командири лавозимида хизмат қилмоқда. У қўл остидаги аскарларнинг билим ва малакасини, жанговар шайлигини ошириш ҳамда ҳарбий интизомни мустаҳкамлаш йўлида тинмай изланади.
Бундан ташқари, қурол-аслаҳаларни техник таъмирлаш ва ўқ отиш машғулотларини ҳам ташкил этиб келмоқда.
Ҳарбийлик нафақат касб, балки юртга содиқлик ва масъулият ифодаси ҳамдир, — дейди у. — Ушбу шарафли соҳа кишида чинакам матонат ва Ватан тақдирига дахлдорлик ҳиссини кучайтиради.
Мана, қарийб ўн йилдирки, ўз вазифасини садоқат билан бажариб келаётган Неъмат Қаҳҳоров кўплаб шогирдлар етиштириб, уларнинг ҳарбий билим ва тажрибаси ҳамда техника ва қурол-аслаҳалар билан ишлаш салоҳиятини янада такомиллаштиряпти.
У ўтган йили қўшинлар миқёсида ўтказилган «Устоз-шогирд» кўрик-танловида ҳам шогирди оддий аскар Шаҳзод Шокиров билан фаол иштирок этиб, жисмоний тайёргарлик, ўқ отиш ва ҳарбий ҳужжатларни юритиш шартларида мутлақ ғолибликни қўлга киритди.
©️ “Postda” газетаси, Маҳлиё Холова, Навоий вилояти.
