Фахрийлар – фахримиз. Халқ танлаган раис
2025-05-06 14:15:00 / Янгиликлар

Истеъфодаги подполковник Азамжон Муратов Фарғона шаҳридаги Фурқат номли маҳалла фуқаролар йиғинига раис этиб сайланганига уч йил бўлди. У вазифасига киришган кундан бошлаб, халқ билдирган ишончга муносиб бўлишни ўзига олий мақсад деб белгилаган эди. Ўтган давр мобайнида ана шу мақсадига эришиб, маҳалласини энг обод ва хавфсиз ҳудудга айлантирди.
Азамжон Муратов 1983-2001 йилларда Фарғона вилоят ички ишлар бошқармасида турли масъул лавозимларда хизмат қилган. Соҳада орттирган бой амалий тажрибаси бугун раис сифатида фуқаролар билан ишлашда унга жуда асқатмоқда.
- Азамжон ака нафақат ушбу маҳалла, балки унга қўшни маҳаллаларда хизмат олиб борадиган профилактика инспекторларига ҳам устоз саналади, — дейди майор Дилшоджон Олтинбоев. — Чунки у фуқаролар билан қандай мулоқот қилиш кераклигини жуда яхши билади. Қабулига келганлар билан ўз жигари, ака-укасидек эринмай гаплашади. Ҳар қандай муаммога ечим топишга ҳаракат қилади. Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, оилавий низоларга барҳам бериш борасида тез-тез маслаҳатлар сўраб турамиз. Бизга маслаҳат бериш билан бирга, оилаларга кириб, муаммоларни ҳал этишда амалий ёрдам беради.
Фарғона шаҳрининг марказида жойлашган Фурқат номли маҳалла фуқаролар йиғинидаги 510 та хонадонда 2772 нафар аҳоли истиқомат қилади. Айни пайтда маҳалланинг асосий кўчалари, гавжум жойлари тўлиқ кузатув камералари билан назоратга олинган ва у профилактика инспекторининг хизмат хонасига интеграция қилинган.
Раиснинг жонсараклиги, маҳалла еттилиги аъзоларнинг фаоллиги сабабли фуқаролар ўртасида аҳиллик ва тотувлик мустаҳкамланиб, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар салмоғи ҳам камайишига эришиляпти.
Фуқаролар йиғини қошида 4 та жамоатчилик комиссияси тузилган бўлиб, улар таркибига маҳаллада обрў-эътиборга эга, фуқароларни ўз ортидан эргаштира оладиган энг намунали оқсоқоллар, кайвони онахонлар киритилган. Масалан, «Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш» комиссияси аъзолари ўтган 2024 йилда 4 та, жорий йилнинг ўтган даврида 1 та ажралиш ёқасидаги оилани яраштиришга муваффақ бўлишди.
Фидойи раиснинг иш фаолиятини ўрганиш ва суҳбатлашиш мақсадида борганимизда, маҳалла фуқаролар йиғини биносида одам гавжум эди. Азамжон Муратов хонасида бир гуруҳ оқсоқоллар билан маслаҳат ўтказяпти, маҳалла еттилигининг ҳар бир аъзоси эса ўз юмушлари билан андармон. Бино ҳовлисидаги орасталик, файз, ходимларнинг фуқароларга қилаётган самимий муносабати, тезкорлиги кайфиятимизни кўтариб юборди.
«Маҳалла ватан ичра кичик ватан, қадриятлар қўрғони», деган таърифнинг амалдаги ифодасини кўрай, десангиз, шу маҳаллага келаверинг.
Абдувосит Сидиқов, ўз мухбиримиз. “Постда”
Фарғона вилояти
