Ўзбекистон Республикаси делегацияси томонидан Россия Федерациясида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларнинг мурожаатлари ўрганилди
2025-05-05 11:00:00 / Янгиликлар

2025 йилнинг 27-30 апрель кунлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш департаменти вакилларининг Ўзбекистон Республикаси вазирлик ва идоралар делегацияси таркибида Россия Федерациясига ташрифи давомида Ўзбекистон Республикасининг Москва шаҳридаги элчихонасида Россия ҳудудида вақтинча яшаб турган Ўзбекистон фуқаролари учун сайёр қабул ташкил этилди.
Шунингдек, делегация аъзолари Москва шаҳридаги қурилиш объектларига бориб, у ерда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари билан учрашишди.
Мазкур тадбирлар доирасида делегация аъзолари ҳамюртларимизнинг мурожаатларини тинглаб, улар дуч келаётган муаммолар билан танишдилар.
Шу билан бир қаторда, Россия Федерациясида яшаётган ҳамда меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган фуқароларимизнинг яшаш ва меҳнат фаолиятидаги муаммолар муҳокама қилинди ва меҳнат шароитлари, меҳнат қонунчилигига риоя этилиши ҳамда ишчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига оид масалалар кўриб чиқилди.





