Фахрийлар – фахримиз. “Эмас осон бу майдон ичра турмоқ...”
2025-05-04 12:25:00 / Янгиликлар

Ўрта мактабни тугатиб, отасидан оқ йўл олган Зумрад Қурбонова Бухоро автомобиль ва йўллар техникумининг сиртқи бўлимига ўқишга кирди. Чунки келажакда осойишталик посбони бўлишни дилига туккан эди. Ниятини амалга ошириш учун вилоят ИИБ Давлат автомобиль назорати бўлими бошлиғига мурожаат қилди. Ва уни автоинспектор қизлар гуруҳига хизматга қабул қилишди.
Ўз вазифасига виждонан, ўта масъулият билан ёндашган инспектор аёл кўп ўтмай ҳайдовчию йўловчилар орасида танилиб қолди. Чунки у ўта синчков, талабчан, қатъиятли, муомалани ҳам ўрнига қўя оларди.
Кейинчалик Бухоро давлат университетини тугатган 3. Қурбонова вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБда катта инспектор сифатида фаолиятини давом эттирди. Ёзнинг жазирамасию қишнинг қаҳратон совуқларида ҳам, оила ва хизматни уддабуронлик билан қўшиб олиб бориш унга катта обрў келтирди, бошқаларга ўрнак бўлди.
Лавҳамиз қаҳрамони қайси соҳада ишламасин,ҳалолликнинг нони бутунлигини ўзига шиор қилиб олди ва кам бўлмади. У Бухоро шаҳар ИИБ Вояга етмаганлар бўйича бўлим бошлиғи ва вилоят ИИБ Терроризмга қарши курашиш бўлимининг«Аёллар қаноти» инспектори лавозимида ҳам самарали хизмат қилди. Сўнг вилоят ИИБ ҲООБга бевосита бўйсунувчи Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази бошлиғи бўлиб, ўн йил шу лавозимда фаолият кўрсатди ва шу ердан пенсияга кузатилди.
Истеъфодаги майор Зумрад Қурбонованинг ички ишлар тизимидаги кўп йиллик самарали фаолияти, хизмат вазифасини бажариш чоғида кўрсатган фидойилиги давлатимиз томонидан муносиб тақдирланган.
— Ички ишлар органларида хизмат қилаётган аёлларга осон эмас, — дейди Зумрад опа суҳбатимиз сўнгида. Ҳам оила юмушлари, ҳам хизмат мажбуриятлари... Менга асосан турмуш ўртоғим Эркин аканинг ёрдами катта бўлди. У киши ҳамиша мени қўллаб-қувватлади. Ишдан кеч қайтган пайтларимда суянч ва юпанч бўлди. Қолаверса, фарзандимиз Алибекнинг комил инсон бўлиб етишида ҳам меҳнатлари катта.
ИИВ Бухоро академик лицейини тугатган Алибек, айни пайтда Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида та ҳ сил олмоқда. У ҳам келгусида ота-онаси сингари юртимизга камарбаста бўлиш ниятида.
Мирзоқул Аҳадов, ўз мухбиримиз. “Постда”
Бухоро вилояти
