Наманган вилояти Поп туманининг «қизил» тоифадаги маҳаллаларида ишчи гуруҳ томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди
2025-05-04 10:20:00 / Янгиликлар

Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси раҳбарияти бошчилигидаги ишчи гуруҳ «қизил» тоифадаги маҳаллаларда ўрганиш ишларини олиб бориб, жиноятчиликнинг олдини олиш ва криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича масъул ходимларга амалий ёрдам бериб келмоқда.
Бугун ишчи гуруҳ Поп туманининг «Пахтакор» ва «Гулистон» маҳаллалари еттилиги ҳамда ушбу ҳудудга бириктирилган масъул ходимларнинг фаолиятини ўрганди. Ўрганишлар давомида маҳалла аҳолиси билан етарлича ишлар ташкил этилмаганлиги, ёшлар, ишсизлар ва жиноят содир этишга мойил шахслар билан алоҳида иш олиб борилмаганлиги натижасида жиноятлар содир этилганлиги танқид қилинди.
Шунингдек, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантириш мақсадида «хонадонбай» ва «фуқаробай» иш ташкил этиш, низоли оилаларнинг муаммоларини ўрганиш, кузатув камералари орқали ҳудудни назорат қилиш ва еттиликнинг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати





