Қарор ва ижро. Булоқбошида янги маскан
2025-05-03 23:00:00 / Янгиликлар

Элу юрт тинчлиги ва осойишталигини асраш долзарб масала. Тинч юртда-гина инсонлар хотиржам ҳаёт кечиради, эртанги кунга умид ҳамда ишонч кўзи билан боқади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори асосида криминоген вазият оғир маҳаллаларда янги ҳуқуқ-тартибот масканлари ташкил этилиши ҳам тинчликни мустаҳкамлаш йўлидаги самарали чора-тадбирлардан бири бўлди.
Андижон вилоятининг кичик туманларидан бири ҳисобланган Булоқбошида ҳам ана шундай ҳуқуқ-тартибот маскани иш бошлади.
Туман марказидан ўтувчи катта йўлнинг шундоққина юзида жойлашган маскан мурожаат билан келувчилар учун ҳар томонлама қулай. Бинодан тортиб, жиҳозларгача янги, замонавий. Хизмат хоналари барча зарур иш қуроллари билан таъминланган. Юқори малакага эга соҳавий хизмат ходимларидан иборат таркиб куну тун хизматда.
Жорий йилнинг 1 апрель санасидан ўз фаолиятимизни бошладик. Масканимиз Мирзакалон Исмоилий номли маҳалла фуқаролар йиғини ўрамида барпо этилди.
Ушбу маҳалла 4 йилдан буён «қизил» тоифада, — дейди бош инспектор, подполковник Мансуржон Холманов. — Ҳудудда бозор ва бошқа жамоат масканлари мавжудлиги учун турли ҳуқуқбузарликлар содир бўлиб туради.
Шу боис криминоген вазият оғир маҳалла тоифасига кириб қолган. Бундан ташқари, «Уч кўча», «Фаровон», «Қумгузар» каби «яшил» тоифадаги яна учта МФЙга хизмат кўрсатамиз. Айни пайтда ҳуқуқ-тартибот масканимиз томонидан назоратга олинган ҳудуд аҳолиси 12 800 нафарни ташкил этади.
Подполковник Мансуржон Холмановнинг айтишича, янги тузилмада осойишталикни сақлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш учун барча зарур воситалар мавжуд. Масалан, бош инспекторга «Дамас» русумли хизмат автомашинаси ажратилди.
Ҳудудга 21 та камералар ўрнатилиб, ускуналар битта компютерга интеграция қилинди. Бу жараён вазиятни доимий кузатиб бориш ва юз бериш эҳтимоли бўлган ҳуқуқбузарликни авж олмасидан аввал тўхтатиб қолиш имконини яратади.
Яна бир қулайлик — микрофонли радиоаппарат ҳисобланиб, унга уланган кўчалар ва жамоат жойларидаги радиокарнайлар ёрдамида аҳолини турли жиноятлар афвидан доимий равишда огоҳлантириб туриш мумкин.
Шуни таъкидлаш жоизки, бош инспектор ва кичик инспектор каби янги лавозимларнинг жорий этилиши соҳага ўзгача ёндашувни ифодалади.
Бундан ташқари, бир нафар Пробация хизмати, ЙПХ, хотин-қизлар билан ишлаш ҳамда профилактика кичик инспекторлари, икки нафар қўриқлаш хизмати, тўрт нафар профилактика инспектори, бир нафар жиноят қидирув ходимининг жалб этилганлиги аҳамиятга эга.
Қолаверса, воқеа жойига тезкорлик билан етиб боришни таъминловчи алоқа воситалари, хизмат автомашиналарининг мавжудлиги ҳам жиноятчиликка барвақт барҳам беришда муҳим роль ўйнайди.
Масалан, қатъий назорат тизими ва тезкор хизматларнинг йўлга қўйилганлиги натижасида шу кунгача ҳудудда биронта ҳуқуқбузарлик кузатилмади.
Чунки қоидабузарликка мойил шахслар ҳам кузатувлар кучайтирилгани, қонун устуворлиги, қолаверса, жазо муқаррарлигини тушуниб етмоқда.
©️ “Postda” газетаси, Нигорахон Тўхтаматова, Андижон вилояти.
