Тошкент шаҳрида “Хавфсиз оила” концепцияси доирасида янги ҳамкорлик лойиҳасига старт берилди
2025-05-03 09:00:00 / Янгиликлар

Оила тинч бўлса, юрт тинч бўлади. Президентимизнинг ташаббуси билан оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, жамиятда, оилада соғлом муҳитни яратиш, қийин аҳволда қолган оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини тизимли ўрганиш ва бартараф этиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, бу борада пойтахт ички ишлар органлари томонидан ҳокимлик, тегишли мутасадди идоралар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда амалга ошириладиган манзилли ишлар белгилаб олинган.
Куни кеча эса Тошкент шаҳар тажрибаси тариқасида “Хавфсиз оила” концепцияси доирасида ҳамкорликда ишлаб чиқилган янги лойиҳага старт берилди.
Оила-турмуш доирасидаги жиноятларнинг олдини олиш, оилада соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ушбу қўшма лойиҳа: Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси, пойтахт Ҳокимлиги, Тошкент шаҳри бўйича Давлат хавфсизлик хизмати, Прокуратураси, Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ва Тошкент ҳарбий округи ҳамкорлигида қабул қилинган бўлиб, унинг асосида ишчи гуруҳи ташкил этилди ва ўз фаолиятини бошлади.
Аниқроқ қилиб айтсак, туманлар кесимида носоғлом турмуш тарзини кечираётган, ишсиз, муайян касб-корга эга бўлмаган, ижтимоий-маиший муаммолар ечимига муҳтож бўлган оилалар ўрганилиб, 15 та оила ва уларнинг 50 га яқин фарзандлари билан пойтахтнинг Юнусобод туманида жойлашган Вояга етмаганларга ижтимоий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида манзилли иш бошланди.
Бир ой давомида ушбу оилаларнинг муаммолари ўрганилиб, шакллантирилган психологик портретлари асносида психологик, ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва тиббий ёрдам кўрсатилади. Мойиллиги ва иқтидорига кўра касб-ҳунарга ўқитиш, спорт тўгаракларига жалб этиш ишлари олиб борилади.
Юқоридаги тадбирлар баробарида оила аъзоларининг маданий ҳордиқ чиқаришлари ҳам кўзда тутилган бўлиб, бу тадбир уларнинг ўзаро яқинлашиши, бир-бирларини яхшироқ тушунишлари, ришталарнинг мустаҳкамланишига сабаб бўлади.
Бир сўз билан айтганда, Марказда масъулларнинг ҳар бир ҳаракати, интилишлари мазкур оилаларнинг тўлақонли, бахтли, ўзаро аҳил ва тотувликда яшашлари, фарзандлар тарбиясида фаол ва ибрат бўлишларига қаратилган.
Бу хайрли ва эзгу ишлар ҳадемай ўз ижобий ва самарали натижаларини кўрсатишига шубҳа йўқ.
Аслида-ку бундай оилаларнинг бўлмаслиги тарафдоримиз, бироқ гуруч курмаксиз бўлмаганидек, қанча инсон бўлса, унинг тарбияси, хулқ-атвори, яшаш тарзи, тушунчаси ҳам шунча.
Демак, улар билан ишлаш, тўғри йўл кўрсатиш, бахтли бўлишига имкон бериш зарур.
Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати









