Қаршида ҳуқуқ-тартибот ходимлари ўртасида самбо мусобақаси: вилоят ИИБ жамоаси — ғолиб
2025-05-02 18:05:00 / Янгиликлар

Қарши шаҳрида ИИВ «Динамо» жисмоний тарбия-спорт жамияти Қашқадарё вилояти кенгашининг тақвимий режасига асосан, воҳа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар шахсий таркиби ўртасида спортнинг самбо тури бўйича мусобақа бўлиб ўтди.
Олти вазн тоифасида бўлиб ўтган мусобақаларда полвонлар бор маҳорат ва тажрибаларини ишга солиб ғолиблик учун курашдилар.
Мусобақада вилоят ИИБ ходими, кичик сержант Азизбек Арабов 64, вилоят ФВБ ҳарбий хизматчиси Ботир Зиёдуллаев 71, вилоят ИИБ ходими, сафдор Шохруз Наширов 79, вилоят ФВБ ходими, оддий аскар Шербек Аблоқулов 88, вилоят ИИБ ходими, кичик сержант Ботирали Тошпулатов 98 ва вилоят ИИБ ходими, кичик сержант Қахрамон Рахмонов +98 килограмм вазнда ғолибликни қўлга киритди.
Умумжамоа ҳисобида эса фахрли 1-ўринни вилоят ички ишлар бошқармаси жамоаси қўлга киритди. Навбатдаги совринли ўринларни вилоят ФВБ ва ИИВ ҚҚга қарашли 7533-ҳарбий қисм полвонлари банд этишди.
Ғолиблар Ўзбекистон Республикаси ИИВ «Динамо» жисмоний тарбия-спорт жамияти Қашқадарё вилояти кенгашининг дипломи, медаль ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
Қашқадарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати




