Тошкент вилояти маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишлар ўрганилди
2025-05-02 11:15:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари полковник Аюбхон Раҳматуллаев Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳри, Янгийўл ва Зангиота туманлари ИИБда олиб борилаётган ишлар ҳолати билан танишди. Жумладан, «Боғзор» ва «Ғалаба» маҳалласидаги ҳуқуқ-тартибот маскани ҳамда маҳалла еттилиги фаолияти ўрганилди.
Ўрганишлар давомида профилактика инспектори ва маҳалла еттилиги аъзолари билан учрашув ўтказилиб, қарор ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар, эришилган натижалар ва мавжуд муаммолар атрофлича муҳокама қилинди. Унда маҳаллаларда аҳолининг ҳуқуқий онги ва фаоллигини ошириш, ёшлар ўртасида профилактик тадбирларни кучайтириш, оилавий муҳитдаги низоларни эрта аниқлаш ва бартараф этиш бўйича вазифалар белгилаб берилди.
Вазир ўринбосари томонидан тегишли хизматларга ишларни янада жадаллаштириш, масканларнинг моддий-техник базасини янада яхшилаб бориш ва ҳар бир микроҳудудда профилактик чора-тадбирларни кучайтириш юзасидан аниқ кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Қайд этиш лозимки, Тошкент вилоятида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар тизимли ва манзилли тус олган.
Мазкур чора-тадбирлар кенг жамоатчилик иштирокидаги ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик асосида амалга оширилар экан, мамлакатимизда тинч ва хавфсиз ҳаётни таъминлаш йўлида муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.
Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати







