Ишчи гуруҳнинг навбатдаги ўрганиш ишлари Янги Наманган, Тўрақўрғон, Норин ва Уйчи туманларидаги “қизил” тоифага киритилган маҳаллаларда давом этмоқда
2025-05-01 15:00:00 / Янгиликлар

Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси раҳбарияти бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар сабабларини таҳлил қилиш ҳамда амалий ёрдам кўрсатиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий ўрганишлар доирасида Янги Наманган туманидаги “Маънавият” ва “Беруний”, Тўрақўрғон туманидаги “Исвахон”, Норин туманидаги “Дўстлик” ҳамда Уйчи туманидаги “Боғ” ва “Мевазор” маҳаллаларида жиноятчилик ҳолати, унинг келиб чиқиш сабаблари танқидий руҳда муҳокама қилинди. Маҳалла еттилиги ва масъул ходимлар иштирокида ҳар бир ҳудуднинг криминоген вазияти атрофлича ўрганилиб, келгусида бундай салбий ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича аниқ вазифалар юклатилди.
Бошқарма ишчи гуруҳи томонидан биринчи чоракда амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, туман ҳокимлари, солиқ инспекцияси раҳбарлари ва бошқа масъуллар фаолияти кўриб чиқилди. Жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича манзилли ишларнинг етарлича ташкил этилмагани кескин танқид қилиниб, бу борадаги ишлар жадаллаштирилиши, “Йўл харитаси”да белгиланган топшириқлар тўлиқ ижро этилиши зарурлиги таъкидланди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати










