Навоий вилоятида ўтказилган комплекс инспекторлик текшируви натижалари бўйича ҳисобот йиғилиши ўтказилди
2025-05-07 10:30:00 / Янгиликлар

Мажлисда, ишчи гуруҳнинг Навоий вилоятдаги ўрганиш якунларига кўра, ҳар бир шаҳар ва туман кесимида криминоген вазият, ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, аҳоли мурожаатларини ўрганиш, жамоат тартиби ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек ходимларнинг ижро ҳамда хизмат интизомига риоя этиш масалалари танқидий муҳокама қилинди.
Жараёнда, Ички ишлар вазирининг буйруғи билан хизмат фаолиятида юқори натижаларга эришган, намунали хизмат фаолияти учун аҳоли ҳамда сафдошлари томонидан алоҳида эътироф этилган ходимлар муносиб мукофотландилар.
Жумладан, Қизилтепа тумани ИИБ Тезкор қидирув хизмати тезкор вакили катта лейтенант Иномжон Нарзуллаев муддатидан олдин «капитан» махсус унвони билан, Зарафшон шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи катта терговчиси капитан Бобур Раҳматов муддатидан олдин «майор» махсус унвони билан тақдирландилар.
Шунингдек, вилоят Эксперт-криминалистика бўлимининг уч нафар эксперт криминалистлари ҳамда Зарафшон шаҳар ИИБнинг тўрт нафар раҳбар ходимлари «пул мукофоти» билан рағбатлантирилдилар.
Комплекс инспекторлик текшируви натижаларига кўра, хизмат фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйган бир гуруҳ раҳбарларга нисбатан интизомий таъсир чоралари қўлланилди.
Тадбир жараёнида комплекс инспекторлик текшируви якунига кўра вилоят ИИБ ҳамда ҳудудий бўлинмаларнинг моддий-техник таъминотини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Йиғилишда соҳа масъулларининг ҳисоботлари тингланди, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ муддатлар белгиланиб, ечимини кутаётган бошқа масалалар юзасидан истиқболли вазифалар режалаштирилди.






