Семинар. Ижобий тажрибалар кенг оммалаштирилади
2025-04-30 23:00:00 / Янгиликлар

Айни кунларда Ички ишлар вазирининг тегишли фармойишига асосан, мамлакатимизда «Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор-профилактик тадбири ўтказилмоқда.
Фарғонада ҳам ушбу ойлик доирасида кўплаб эзгу мақсадли тадбирлар ташкил этиляпти. Жумладан, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш юзасидан Фарғона шаҳрида йўлга қўйилаётган ижобий тажрибаларни вилоятнинг бошқа шаҳар ва туманларида оммалаштириш мақсадида амалий семинар ташкил этилди.
Маълумки, Президентимизнинг маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш бўйича 1-сонли қарорида 2025 йилда «Ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш» устувор вазифа этиб белгиланган эди, — дейди вилоят ИИБ ЖХХ ҲПБ бошлиғи, подполковник Отабек Ўринбоев. — Бугунги амалий семинарда ушбу қарор асосида олиб борилаётган ишларни Фарғона шаҳридаги янги ташкил этилган 2 та ҳуқуқ-тартибот маскани мисолида бошқаларга ибрат қилиб кўрсатдик.
Вилоят ИИБ раҳбарияти, шаҳар-туман ички ишлар бошқарма ва бўлимлари бошлиқлари, ҳуқуқ-тартибот масканлари бош инспекторлари, мутасадди ходимлар ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этган семинар Фарғона шаҳар ИИО ФМБда ташкил этилган ижтимоий профилактика масканидан бошланиб, Бозорбоши кўчасида янги иш бошлаган ҳуқуқ-тартибот масканида давом этди.
Ушбу янги масканнинг очилиши билан «Баҳор», «Фарғона», «Маърифат», Мирзо Улуғбек ва Ойбек номли маҳалла фуқаролар йиғинларидан иборат микроҳудуд ташкил этилди.
Бу ерда 1 нафар бош инспектор, 8 нафар профилактика инспектори, 2 нафар профилактика кичик инспектори, хотин-қизлар бўйича инспектор, ЙҲХБ инспектори ҳамда 4 нафар ППХ инспектори ҳамкорликда хизмат олиб бормоқда.
Микроҳудуд тўлиқ рақамлаштирилиб, 100 га яқин кузатув камералари ҳуқуқ-тартибот масканидаги ситуацион марказга интеграция қилинган. Бу ерда маҳалла еттилиги билан ҳамкорликда йўлга қўйилган ижобий тажриба иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Улар ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилардан атрофлича жавоб олишди.
Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги қарори ижроси доирасида Фарғона шаҳридаги «Кимёгар» маҳалла фуқаролар йиғини «Хавфсиз ҳудуд»га айлантирилмоқда. Семинар иштирокчилари ушбу маҳаллада бўлиб, «Хавфсиз кўча» ва «Хавфсиз йўлак»лар ташкил этиш жараёнларини ўрганишди.
Шунингдек, маҳаллада амалга оширилаётган ижобий ишлар ва рақамлаштириш жараёнлари билан танишишди.
«Хавфсиз кўча» ва «Хавфсиз йўлак»ларни қандай ташкил этиш керак деган саволларга бугун батафсил жавоб олдик, — дейди Тошлоқ тумани ИИБ бошлиғи, Семинарда олган тажрибаларимизни ўзимиз раҳбарлик қилаётган туманда кенг жорий этиб, қарор ижросини сўзсиз таъминлаймиз.
Тадбирнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, айнан шу ерда хонадонлар ва бошқа объектларни техник қўриқловга олишнинг аҳамияти бўйича тадбиркорлар ва аҳоли учун Қўриқлаш бошқармаси мутасаддиларининг тақдимоти ташкил этилди. «Коммунал қурилиштаъмир сервис» МЧЖ ҳамда «Кимёгар» маҳалласи раисининг ахборотлари ҳам эшитилди.
Эзгу мақсадни кўзлаб ташкил этилган амалий семинар давомида маҳаллаларни хавфсиз муҳитга айлантириш ҳамда ҳудудларни рақамлаштириш борасида амалга ошириладиган энг муҳим ва устувор вазифалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Таклиф ва тавсиялар ўртага ташланди. Ўрганилган ижобий тажрибаларни барча шаҳар ва туманларда, маҳаллаларда оммалаштиришга келишиб олинди.
©️ “Postda” газетаси, Абдувосит Сидиқов,Фарғона вилояти.
