«Хавфсиз ва соғлом юрт». Тезкор ҳамда тажрибали
2025-04-29 08:30:00 / Янгиликлар

Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отрядида ўктам, чапдаст ва зукко ходимлар талайгина. Уларга тажрибали раҳбар, подполковник Бахтиёр Мўминов бошчилик қилиб келмоқда. Отряднинг жанговар тайёргарлигидан тортиб, берилган топшириқни бажаришгача бўлган масъулиятли жараён айнан мазкур мутахассиснинг назоратида амалга оширилади.
Отряд ходимлари жамоат жойларида осойишталикни сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашишда тезкорлик билан чора-тадбирларни кўллайди.
Уюшган жиноятчи гуруҳлар тинчликка рахна солувчи энг катта хавф омилларидан ҳисобланади. Уларнинг хавфли жиҳати — уюшганлиги ва турли қурол воситаларига эга бўлиши мумкинлиги. Бу эса уларга қарши курашиш жараёнини мураккаблаштиради. Шу боис бундай жиноий тўдаларни қўлга олиш пайтида айнан махсус тайёргарликка эга сафарбар отряд хизматидан фойдаланилади.
Вилоятда ўтказилаётган «Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлар давомида коррупция ва бошқа жиноятларни аниқлаш чоралари кўрилмоқда. Масалан, Олтинкўл туманида ўз хонадонида таваккалчиликка асосланган қимор ўйинларини ташкил этган шахс ва ўйин иштирокчилари қўлга олинди. Андижон туманида эса мансабдор шахс томонидан коррупцияга йўл қўйилиши билан боғлиқ ҳолат фош этилди. Асакада ҳам ўз хизмат вазифасини суиистеъмол қилган давлат хизматчисининг кирдикорларига вақтида чек қўйилди. Бу каби жиноятлар вилоятнинг бошқа туманларида ҳам аниқланиб,унинг иштирокчилари қонун ҳукмига топширилди.
Бугун Андижон кўчалари турли автотранспорт воситалари билан гавжум. Бу эса йўл-патруль хизмати ходимларидан янада кўпроқ диққат-эътибор ва ҳушёрликни талаб қилади. Шу мақсадда йўл-патруль хизмати ходимлари билан ҳамкорликка сафарбар отряд ходимлари ҳам жалб этилган. Мақсад — ички ишлар ходимларининг талабларига бўйсунмаган шахслар устидан қатъий назоратни йўлга қўйиш.
Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар гуруҳ ходимлари нафақат жанговар, балки ахлоқий, психологик, маънавий, маърифий тайёргарликдан ўтиб, ўз билимларини такомиллаштириб боради. Чунки юқори ақлий салоҳият ҳамда кучли психология уларнинг тезкор ва тўғри қарор қабул қилишида муҳим роль ўйнайди.
Отрядда кўп йиллик тажрибага эга салоҳиятли ходимлар кўпчиликни ташкил этади. Республикада ўтказиладиган турли спорт мусобақаларида ҳам вилоят ички ишлар бошқармаси шарафини асосан сафарбар бўлинма вакиллари ҳимоя қилади. Уларнинг спорт ва бошқа беллашувларда қўлга киритган ютуқлари ҳамда фидокорона хизматлари давлатимиз томонидан муносиб баҳоланган. Жумладан, капитан Муҳаммаджон Кўчқоров «Мардлик» ордени, сержант Акрамжон Абдулазизов «Аъло хизматлари учун» кўкрак нишони, сержант Таваккал Сотқинов «Содиқ хизматлари учун» медали, катта сержант Жўрабек Боймирзаев ҳамда кичик сержант Дурдона Кодирова «Жасорат» медаллари билан тақдирланган.
Нигора ТЎХТАМАТОВА, ўз мухбиримиз.
Андижон вилояти.
